Сенаторлар қонун ижросини ўрганди
  • 04 Июль 2017

Сенаторлар қонун ижросини ўрганди

Урганч шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонуннинг Хоразм вилоятидаги  ижроси муҳокамасига бағишланган сайёр йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари аъзолари, доимий комиссиялар раислари, маҳаллий ижроия ҳокимияти, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий тузилмалари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан депутатлар ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда депутатлик фаолиятининг асосий кафолатларини рўёбга чиқариш борасида муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, ҳудуд учун муҳим масалаларни ҳал этишда депутатлик сўрови юбориш амалиёти кенг йўлга қўйилган. Ўтган йилда тегишли ташкилотларга 1468 та, жорий йилнинг биринчи чорагида эса 368 маротаба  депутатлик сўрови юборилгани ҳам шундан далолатдир. Таҳлиллар сўровларнинг аксарияти коммунал соҳадаги муаммолар, тиббий хизмат ва таълим-тарбия масалаларига дахлдорлигини кўрсатди.

— Ҳудудларда мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда депутатлик сўрови муҳим аҳамиятга эга, — дейди сенатор Н. Раббимова. — Шундай экан, маҳаллий Кенгашлар депутатларидан янада фаолроқ бўлиш талаб этилади. Депутатлик сўровларига мансабдор шахслар томонидан юзаки жавоб йўллаш амалиётига барҳам бериш ҳамда кўтарилган масалалар ечими бўйича ҳисоботларни маҳаллий Кенгашларда муҳокама этиш амалиётини изчил жорий этиш ҳам айни заруратдир.

Йиғилишда маҳаллий Кенгашлар депутатларини рағбатлантириш, улар ташаббуслари ҳамда фаоллигини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Йилнинг энг яхши депутати” танловини ўтказиш, депутатлар ҳисоботларини сессияларда муҳокама қилишда улар фаолиятига холисона баҳо бериш,  депутат сўрови каби назорат фаолиятидан янада самарали фойдаланиш бўйича зарур тавсиялар берилди.

Тадбирда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Ойбек РАҲИМОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn