Эзгулик йўлидаги ҳамкорлик
  • 30 Июнь 2017

Эзгулик йўлидаги ҳамкорлик

Мамлакатимизга Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари халқаро федерацияси президенти жаноб Тадатеру Коное бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Меҳмон Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Нарбаева, Соғлиқни сақлаш ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирликлари мутасаддилари билан учрашувлар ўтказди. Мулоқотлар чоғида ҳар йили юртимизда қабул қилинадиган давлат дастурларининг бажарилишида Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг иштироки хусусида фикр-мулоҳаза юритилди.

Қайд этиш керакки, бугунги кунда Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамияти халқаро ташкилоти 190 дан ортиқ мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. У давлатлардаги ижтимоий муҳтож аҳоли қатламларига гуманитар ва тиббий ёрдам кўрсатишда фаол қатнашмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1992 йил 28 майдаги “Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти томонидан фавқулодда вазиятларда аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, алоҳида эътиборга муҳтожларга тиббий-ижтимоий кўмак бериш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, соҳага оид халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ҳамда -Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жамият томонидан ёрдамга муҳтож, ёлғиз кексаларнинг патронажи ҳамда уларни дори-дармон билан таъминлаш учун алоҳида кўмак кўрсатилмоқда. Бу борада маҳаллий ҳокимият тузилмалари, турли бошқармалар ва бошқа ташкилотлар билан йўлга қўйилган ижтимоий шериклик муҳим омил бўлаяпти. 

— Ўзбекистонга келиш менинг орзуим эди, — дейди Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари халқаро федерацияси президенти Тадатеру Коное. — Ана шу ниятим амалга ошганидан беҳад хурсандман. Мамлакатингизда инсон манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлдим. Ўзбекистоннинг бу борадаги оқилона сиёсати ибрат қилиб кўрсатишга лойиқ. Учрашувларимиз жуда самарали кечмоқда. Юзма-юз мулоқотларда ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича фикр алмашдик. Ташриф доирасида Тошкентнинг диққатга сазовор жойларини бориб кўрдим. Жуда катта таассурот олдим. Номи етти иқлимга етган Самарқандни ҳам кўриш истагидаман.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn