Сенаторлар қонун ижросини ўрганишди
  • 09 Июнь 2017

Сенаторлар қонун ижросини ўрганишди

Маълумотларга кўра, 2016/2017 ўқув йилида юртимизда мавжуд 9 минг 659 та мактабнинг 9-синфини 467 минг нафар ўқувчи тамомлади. Ўтказилган сўров натижаларига кўра, уларнинг 9,2 фоизи академик лицейларда, 90,8 фоизи эса касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттириш истагини билдирган.

Бу рақамлар ёш йигит-қизларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари, жисмоний ҳамда маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, уларнинг қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш нечоғли долзарб аҳамият касб этишини кўрсатади.

Олий Мажлис Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига доир қисмининг Фарғона вилоятида ижро этилишини ўрганишда айнан шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Ўрганиш натижалари қўмита мажлисида атрофлича кўриб чиқилди.

Мажлисда қайд этилганидек, Фарғона вилоятида “Таълим тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар олиб борилган. Вилоятнинг 12 та академик лицейи ва 145 та касб-ҳунар коллежида 137 мутахассислик бўйича қарийб 162 минг нафар йигит-қизлар таълим олмоқда.

Сўнгги йилларда ҳудуддаги ҳар бир туман ва шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 26 та касб-ҳунар коллежида 15 та касб бўйича кадрлар тайёрлаш тўхтатилди. Вилоятдаги 70 дан ортиқ касб-ҳунар коллежида 62 та касб бўйича янги йўналишлар очилди. Бунда сўнгги уч йил ичида меҳнат бозорида яратилган иш ўринлари асос бўлиб хизмат қилди. Жумладан, Фарғона саноат, Қўқон политехника, Марғилон хизмат кўрсатиш ва сервис коллежлари коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги кадрларни тайёрлаш бўйича таянч таълим муассасалари этиб белгиланган. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ва жиҳозлар билан таъминланган.

Шу билан бирга, мажлисда Қонуннинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига доир қисмини ижро этиш масаласида йўл қўйилган айрим камчилик ва хатоларга эътибор қаратилди. Масалан, баъзи туманларда умумтаълим мактабларининг барча битирувчилари ҳам академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига қабул қилингани йўқ. Ўқувчиларнинг билим савияси паст даражада. Айрим таълим муассасаларида компьютерлар етишмайди, компьютер техникасининг 10 фоизи ишга яроқсиз ҳолга келиб қолган.

Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Гавҳар Алимованинг маълум қилишича, ўқув-лаборатория жиҳозларидан тўлиқ фойдаланилмайди. Аксарият касб-ҳунар таълими муассасаларида тўгарак машғулотлари сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича ишлар талаб даражасида ташкил этилмаган. Ўқув адабиётлари билан таъминланиш даражаси 12 фоизни ташкил қилиб, касбий фанлардан 3 190 дона дарсликка эҳтиёж мавжуд.

Бундан ташқари, айрим академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг бинолари ва иситиш тизимларини таъмирлаш, уларни зарур инвентарь ҳамда ускуналар билан жиҳозлаш керак. Таълим муассасаларининг 50 фоизида ошхоналар фаолияти йўлга қўйилмаган.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш борасида ҳисоботларга қўшиб ёзиш, сохта маълумотлар бериш ҳолатлари мавжуд. Педагог кадрлар етишмаслиги туфайли лицей ва коллежларда тегишли малакага эга бўлмаган кадрларнинг ишлашига рухсат берилган.

Мажлисда сенаторлар мавжуд камчиликларни бартараф этишга ҳамда Фарғона вилояти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мазкур Қонун ҳамда таълим соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг оғишмай ижро этилишини таъминлаш борасидаги фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсияларни билдирдилар.

Муҳокама якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn