Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича комиссияси ҳамда вилоят ҳудудий комиссияси томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Шуни қайд этиш керакки, Самарқанд вилояти ҳудудий комиссияси бир қатор давлат ва нодавлат идораларнинг раҳбарларидан иборат таркибда тузилган бўлиб, шу пайтга қадар Сенат Комиссияси билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳамда Жомбой тумани Ички ишлар бўлимининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти ўрганилди ҳамда унинг натижалари маҳаллий Кенгашларда атрофлича кўриб чиқилди.
Жорий йилнинг 10 майидан 15 майига қадар Комиссия ўз фаолиятини Тайлоқ тумани Ички ишлар бўлимининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолиятини ўрганиш орқали давом эттирди.
Ўрганиш жараёнида ишчи гуруҳлари таркибига сенаторлар, вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, прокуратура, суд, адлия, соғлиқни сақлаш, меҳнат, таълим идоралари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲ, “Нуроний” жамғармаси вакиллари жалб этилди.
Таҳлиллар бу борада муайян ишлар амалга ошириб келинганлиги билан бирга, маҳаллий ҳокимликлар, ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликнинг етарлича йўлга қўйилмаганлигини кўрсатди. Натижада жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасида айрим камчиликлар, баъзи ҳолатларда жиддий қонунбузилишларга йўл қўйилган.
Масалан, Тайлоқ туманида жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра, 56 та жиноят содир этилган бўлиб, ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан қарийб ўзгаришсиз қолган. Жиноятларнинг гиёҳвандлик ва ўғрилик билан боғлиқ турлари эса ошган.
— Ўрганишларда шу нарса аён бўлдики, айрим ҳолатларда профилактика инспекторларида малака етишмайди, уларда билим ва кўникмаларини ҳамда амалий тажрибасини оширишга хоҳиш ва интилиш йўқ, — дейди ҳудудий комиссия раиси Отабек Ахтамов. — Айрим ҳуқуқбузарликлар профилактикасига масъул бўлган давлат ва нодавлат ташкилотлар, айниқса, маҳалла, “Оила” илмий-амалий маркази, “Камолот” ЁИҲ ҳамда кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликнинг яхши йўлга қўйилмагани туфайли бир қатор муаммо ва камчиликларга, шунингдек, қонунбузилишларга йўл қўйилган. Ҳудудий комиссия ўрганиш давомида ушбу йўналишда фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ҳамда тавсияларни ўртага ташлади.
Хусусан, содир этилган ҳар бир жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш мақсадида унинг кенг жамоатчилик иштирокида муҳокамасини ташкил этиш, ИИБ ва прокуратура органлари томонидан киритилаётган тақдимномаларнинг жиноят содир қилган шахснинг иш ёки ўқиш жойида ҳамда маҳалласида кўриб чиқилишини таъминлаш билан боғлиқ аниқ тавсиялар берилди.
Сессияда туманда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмаслиги танқид қилинди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ тавсиялар берилиб, тезкор чора-тадбирлар белгилаб олинди ҳамда тегишли қарор қабул қилинди.
Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.