Ўзаро маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида
  • 05 Август 2016

Ўзаро маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида

Аввал хабар қилинганидек, Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг рафиқаси Акиэ Абэ 3 август куни мамлакатимизга ташриф буюрди.

Акиэ Абэ 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна -Каримова ҳамроҳлигида Ўзбекистон Амалий санъат музейига ташриф буюрди. 

Ўзбек ва япон халқларининг ўхшаш жиҳатлари кўп. Миллий ғурур, меҳнатсеварлик, садоқат, меҳр-оқибат каби фазилатлар икки халқ учун бирдек хосдир. Бу жиҳатлар икки мамлакатнинг дўстлиги ва ҳамкорлигида муҳим омил бўлмоқда. 

Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги муносабатлар Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот ҳамда Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнот руҳида изчил ривожланмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил февраль ойида Японияга расмий ташрифи, Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг 2015 йил октябрь ойида мамлакатимизга расмий ташрифи ўзаро ҳамкорлик ривожига янги суръат бахш этди. 

Мамлакатларимиз ўртасида барча соҳа қатори маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам кенгайиб бормоқда. “Тараққиётга расмий ёрдам” дастури доирасида ҳамда Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) орқали ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Японияда Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари ташкил этилмоқда. Кунчиқар юрт ижодкорлари мамлакатимизда ўтказилаётган халқаро анжуманлар, хусусан, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида фаол қатнашиб келмоқда. 2015 йилги “Шарқ тароналари” фестивалида Япониянинг “Shamisen” гуруҳи биринчи ўринни қўлга киритган. 

Токиода 2004 йили буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкали очилгани Японияда Ўзбекистон халқига, ўзбек адабиёти ва санъатига чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг ёрқин ифодаси бўлди. Япония олимлари Алишер Навоий асарлари бугунги кунда ҳам ёшларни бунёдкорлик, тинчликпарварлик, бошқа халқлар билан дўстлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлайди. 

Буюк Ипак йўлининг қадимий тарихи ва анъаналарини тадқиқ этган япон олими ва мусаввири Икуо Хираяма юртимизга бир неча марта саёҳат қилган, Самарқанд, Бухоро каби қадимий шаҳарларимиздаги бетакрор ёдгорликлар, тўкин бозорларимиз, меҳнатсевар халқимиз образини ўз суратларида акс эттирган. Пойтахтимизда ушбу олим хотирасига ҳурмат белгиси сифатида Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида Икуо Хираяма халқаро маданият карвонсаройи очилган.

Япониялик профессор Кюдзо Като мамлакатимиз олимлари билан биргаликда Буюк Ипак йўлини, қадим Бақтрия давлатини ўрганиш бўйича археологик тадқиқотлар олиб борган, Мирзо Улуғбек, Бобур ва бошқа улуғ мутафаккирлар асарларини япон тилига таржима қилган. Президентимизнинг Фармонига мувофиқ, Кюдзо Като давлатимизнинг юксак мукофоти — “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Ўзбекистон — Япония маркази кадрлар малакасини ошириш, “Ўзбекистон — Япония” ҳамда “Япония — Ўзбекистон” дўстлик жамиятлари халқларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Ўзбекистонда япон тили, маданияти ва санъатини, Японияда ўзбек тили, халқимиз тарихи ва маданиятини ўрганишга қизиқиш ортиб бормоқда. 2015 йилдан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида япон тили биринчи хорижий тил сифатида ўқитилмоқда.

Тошкентда 2001 йили очилган Япон боғи шаҳар аҳолиси ва пойтахтимиз меҳмонлари учун бирдек севимли ва қадрли масканга айланган. Ушбу боғ япон халқининг миллий қадриятлари ва маданиятини ўзида мужассам этган.

Акиэ Абэнинг ушбу ташрифи Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг  мамлакатимизга расмий ташрифининг мантиқий давоми бўлди. Ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Амалий санъат музейида халқимизнинг бой маданияти ва санъатига оид 7 мингдан ортиқ экспонат бор. 

Акиэ Абэга миллий либослар ва чолғу асбоблари, каштачилик, зардўзлик, заргарлик, ўймакорлик, кандакорлик ва кулоллик асарлари, улардаги безак ва нақшларнинг маънолари ҳақида маълумот берилди. Кашта ва гилам тўқиш, металлга нақш солиш жараёни жонли тарзда кўрсатилиб, мумтоз куйларимиздан намуналар ижро этилди. 

Миллий ҳунармандлик ва халқ амалий санъати намуналари меҳмонда катта таассурот қолдирди. Акиэ Абэ мамлакатимизда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида тарихни ўрганиш, миллий қадриятларни тиклаш, ёшларни тарихий хотира ва миллий ифтихор асосида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларни юксак баҳолади. Ўзбекистон халқ ҳунармандлиги буюмлари гўзаллиги ва бежиримлиги билан яққол ажралиб туришини таъкидлади. 

Акиэ Абэ япон ҳарбийлари мангу қўним топган масканни зиёрат қилди. Меҳмон ватандошлари хотирасига бунёд этилган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйди. Бу жой обод масканга айлантирилгани, юртдошларининг хотираси абадийлаштирилгани учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Куннинг иккинчи ярмида Татьяна Каримова ва Акиэ Абэ Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрига ташриф буюрдилар. 

Мазкур театр қурилишида Иккинчи жаҳон уруши йилларида тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган японияликлар ҳам қатнашган. Яқинда театр биноси реконструкция қилиниб, замонавий техник воситалар билан жиҳозланди.

2015 йил октябрь ойида Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг мамлакатимизга расмий ташрифи чоғида кўплаб соҳалар қатори маданий алоқаларни ривожлантириш борасида ҳам ҳужжатлар имзоланган эди. Шунга мувофиқ, айни кунларда Япониянинг “Драм Тао” жамоаси мамлакатимизда ижодий сафарда бўлиб турибди. 

Татьяна Каримова ва Акиэ Абэ мазкур ижодий жамоа концертини томоша қилдилар.

1993 йилда ташкил этилган “Драм Тао” ижодий жамоаси ёрқин шоулар орқали қадимий япон маданиятини тарғиб этади. Мусиқа, рақс ва жанг санъати анъаналарини мужассамлаштирган чиқишлар томошабинларда улкан таассурот қолдиради. Жамоа йигирмадан зиёд мамлакатда ижодий сафарда бўлган. Жорий йилнинг биринчи чорагида Шимолий Американинг 38 шаҳрида ўз дастурларини намойиш этган.

Акиэ Абэ Япония билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳа қатори маданий-гуманитар йўналишда ҳам изчил тараққий этаётганидан мамнун эканини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон давлат академик Катта театри маҳобати ва кўркамлиги билан унутилмас таассурот қолдирганини, япониялик санъаткорлар ижросидаги концерт халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишини қайд этди.

Концерт дастуридан ўрин олган “Ниндзя аёл”, “Хаёл куйи”, “Сакуранинг минг дарахти”, “Кузги ой”, “Қақнус”, “Мовий осмон” каби куй-қўшиқ ва рақслар томошабинлар олқишига сазовор бўлди. 

Шунинг билан Япония Бош вазирининг рафиқаси Акиэ Абэнинг мамлакатимизга ташрифи ниҳоясига етди.

Тошкент халқаро аэропортида Акиэ Абэни Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Татьяна Каримова кузатиб қўйди.

Нодира МАНЗУРОВА,

ЎзА мухбири.

Темур ҚУРБОНБОЕВ

олган сурат. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn