Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Жаноби Олийларига
  • 22 Июль 2014

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Жаноби Олийларига

Жаноби Олийлари!

Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифим давомида Сиз ва ўзбек халқи томонидан менга кўрсатилган иззат-икром учун Сизга самимий миннатдорлик изҳор этаман.
Олий даражада бўлиб ўтган учрашувда давлатларимиз нафақат энергетика соҳаси, балки “электрон ҳукумат”, ахборот технологиялари, тўқимачилик ва мудофаа саноати, қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳит, инфратузилма ва бошқа кўплаб соҳаларда турли ҳамкорлик лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги келишувга эришди. Сиз билан келишиб олган муҳим лойиҳаларни бекаму кўст, тўла амалга ошириш учун яқиндан ҳамкорлик қилишимизга ишонаман.
Бўлиб ўтган учрашувлар натижасида мамлакатларимиз ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида биргаликда равнақ топишга интилаётган стратегик шериклар эканига амин бўлдим. Президент Жаноби Олийлари, Сизнинг халқаро ва минтақавий масалалар тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларингиз, шунингдек, Ўзбекистондаги корейс диаспорасига қаратаётган эътиборингиз мени ҳайратга солди ва чуқур таассурот қолдирди.
Жаноби Олийлари, мен яна шуни алоҳида миннатдорлик билан таъкидламоқчиманки, Тошкент шаҳри аэропортида мени шахсан кутиб олдингиз, Самарқанд шаҳрига мен билан бирга бордингиз. Бу билан самимий меҳмондўстлигингизни намоён этдингиз. “Афросиёб” музейидаги деворий расмларда акс эттирилган Когурё даври элчиларининг тасвири Буюк Ипак йўлининг қадимий тажрибаси бизнинг кунларимизда ягона Евроосиёда яна мужассамлаша олишига ишончимни мустаҳкамлади.
Президент Жаноби Олийлари, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстона муносабатлардан манфаатдор эканлигингиз ва уни астойдил қўллаб-қувватлаётганингиз учун Сизга миннатдорлик билдиришимга ижозат бергайсиз. Сизга мустаҳкам соғлиқ, Ўзбекистон Республикасига эса юксак равнақ ва тараққиёт тилайман.


Пак Кин ХЭ,
Корея Республикаси Президенти

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn