Улуғлари улуғланган юрт
  • 01 Апрель 2017

Улуғлари улуғланган юрт

Фахрланиб айтамизки, юртимизда ўзининг ибратли ҳаёти ва серқирра фаолияти билан барчага ўрнак кўрсатган инсонлар беҳисоб. Муҳими, уларнинг номи тез-тез тилга олиниб, хотираси эъзозланиши халқимизга хос азалий қадриятлардандир.

Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори халқимиз дилидаги айни муддао бўлди. Ушбу ҳужжат билан танишиб, очиғи, жуда таъсирландим. Биз у кишини кўрганмиз. Далаларда учрашиб, суҳбатлашганмиз. Шароф Рашидов қишлоқ хўжалигини ҳам яхши биладиган инсон эди. 

Қарорга мувофиқ, халқимиз, айниқса, ёш авлодни атоқли давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва фаолияти -билан яқиндан таништириш мақсадида Жиззах шаҳрида унинг мемориал уй-музейини ташкил этиш ва музей ҳудудини ободонлаштириш, “Сайланма” китобини, Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Халқимизнинг оташқалб фарзанди” номли хотира китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, ҳужжатли фильм яратиш каби вазифалар белгилангани бизга алоҳида ғурур бағишлади.

Шароф Рашидов ўта оғир йилларда мамлакатимизни бошқарган. Мураккаб бир вазиятда Ўзбекистон учун қўлидан келган барча ишни қилди. Улкан қурилишлар, хусусан, кўп қаватли тураржойлар, завод ва фабрикалар, йўллар ва кўприклар, метро барпо этилишига бош-қош бўлди. Шунинг учун бўлса керак, у кишининг бундай эзгу ишларини халқимиз бир умр миннатдор бўлиб ёдга олади. 

Афсуски, мустабид тузум даврида унинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш тақиқланди. Фақат мустақиллик шарофати билан адибнинг ижодини ўрганиш, у киши тўғрисида ёзиш, ўқиш имконияти пайдо бўлди. Айниқса, ушбу қарорга биноан, Жиззах шаҳрида Шароф Рашидовнинг уй-музейини ташкил этиш белгилангани савобли амаллардан биридир. Бинобарин, ёш авлод тарбиясида халқимизнинг бой ўтмишини бугунги замон билан боғловчи музейлар фаолияти алоҳида ўрин тутади. Музейларга ташриф буюрган каттаю кичик ўтмишда яшаб ўтган тарихий шахслар, халқимиз томонидан яратилган бетакрор маданий-маънавий мерос ҳақида кенг тасаввурга эга бўлади, миллатимиз тарихига алоқадор шонли, унутилмас воқеалардан фахрланади, бугунги фаровон турмушимизга шукрона келтиради. 

Улуғлари улуғланган, инсон манфаатлари устувор саналган юртимизда мана шу сингари хайрли чора-тадбирлар амалга оширилиши истиқлол ғояларига ҳамоҳанглиги билан алоҳида аҳамиятлидир.  

Парда ЗИЁТОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn