Мутолаа тафаккурни бойитади, маънавиятни юксалтиради
  • 01 Апрель 2017

Мутолаа тафаккурни бойитади, маънавиятни юксалтиради

Қалбда Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, одамларга меҳр-оқибат туйғуларини камол топтиришнинг энг яхши воситаси китобдир. Айниқса, китоб билан ошно тутинган бола юксак марралар сари интилади, фикри теран, дунёқараши кенг бўлади. Бугун китобхонлик, мутолаа маданияти давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши юртдошларимиз учун қувончли воқеа бўлди. 

Бугун ҳар бир соҳага замонавий ахборот технологиялари жадал кириб келмоқда. Минг таассуфки, бу ютуқлардан ҳамма ҳам тўғри, унумли фойдаланаётгани йўқ. Илғор технологияларнинг айрим салбий унсурлари инсон руҳиятини толиқтираётгани бор гап. Бир қўли ишда, бир қўли мобиль телефонда бўлган баъзи юртдошларимиз, айниқса, ёшлар кўп ҳолларда вақтларини беҳуда сарфлаётганликлари ачинарлидир. Айрим сайтлар беҳаёлик, тажовузкорликни тарғиб қилаётгани, болаларимизни чалғитишга уринаётгани кишини ўйга толдиради, огоҳликка чорлайди. Жумладан, сўнгги пайтларда фарзандларимиз онгига салбий таъсир қилувчи ўйинлар пайдо бўлганлиги ҳар қандай кишини хавотирга солиши, шубҳасиз. 

Мана, бугунги замонавий дунё болаларимизни нима билан “тақдирлаяпти”. Биз фарзандларимизни виртуал оламнинг ана шундай тажовузларидан асрашимиз керак. Толиққан руҳиятни ижобий томонга ўзгартириш учун эса, чин маънода, китоб мутолааси энг зарур омиллардан бири ҳисобланади. Чунки ҳар қандай замонавий ахборот технологияси ютуқлари китоб ўрнини босолмайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мутолаа жараёнида инсоннинг бош мияси фаол ишлай бошлар экан. Табиийки, ўқиш давомида китобда тасвирланаётган воқеа-ҳодисалар, асар қаҳрамонларини хаёлан тасаввур қила бошлаймиз. Демак, биз китоб ўқиш орқали нафақат қувонч ва завқ, маънавий озуқа оламиз, балки миямизни машқ қилдириб, унинг фаолият даражасини ривожлантирамиз ҳам. Бадиий асарга бағишланган баҳс-мунозаралар эса ўқувчи фикр доирасининг янада кенгайиши, ақлининг чархланишида муҳим аҳамият касб этади.  Муассасамизда тез-тез маданий-маърифий тадбирлар, жумладан, олимлар, педагоглар ва сиёсатшунослар иштирокидаги илмий конференциялар, семинар-тренингларни уюштираётганимиз ҳам ана шу эзгу мақсадларга қаратилган. “Ўсмир ва қонун”, “Ахборот кунлари”, “Ёзувчилар — болаларга” сингари тадбирларда  эса янги китоблар муҳокама қилиниб, адабиётлар кўргазмаси ташкил этилмоқда. Бундай учрашувларга асар муаллифларининг таклиф этилиши ўқувчиларда китобхонликка бўлган қизиқиш янада ортишига сабаб бўлмоқда.  

Китоб бизга инсониятни, дунё халқларининг қадриятларини, маданияти, урф-одатларини, яшаш тарзини ўргатади. Қолаверса, ҳар бир миллатга хос анъаналарни бошқа халқларга таништиришда ҳам муҳим восита ҳисобланади. Масалан, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида ўзбек халқининг урф-одатлари, анъаналари, миллий қадриятлари ёрқин бўёқларда ифода этилган. 

Китобхонликнинг яна бир фойдали хусусияти шунда эканки, кунига 30 — 35 дақиқа мутолаа қилган киши альцгеймер (хотиранинг сусайиши) касаллигига чалинмас экан. Бинобарин, китоб мутолааси ўқувчини шахс сифатида камол топтириш, педагогик фаолиятни мунтазам такомиллаштириб бориш, қобилиятни ривожлантириш вазифасини ҳам бажаради. 

Шундай экан, юртимиз келажаги бўлмиш фарзандларимиз қўлига имкон қадар кўпроқ китоб тутқазайлик. 

Дониёр ЎРОЛОВ,

Республика болалар 

кутубхонаси директори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn