Анвар ҚУРБОНОВ, Ўзбекистон Қаҳрамони (Сирдарё вилояти):
— Президентимиз Ўзбекистон халқига йўллаган Наврўз табригида ушбу қутлуғ айём Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг ғоя ҳамда мақсадларига ҳамоҳанг равишда нишонланаётганини алоҳида қайд этиб ўтди. Ҳақиқатан ҳам шундай! Мана, вилоятимиз марказида ўтказилган баҳор байрами муносабати билан одамлар кўтаринки кайфиятда сайилгоҳларга чиқди. Кексалар дуога қўл очди, опа-сингилларимиз турфа хил баҳорий ноз-неъматлар тайёрлашди, ёшлар майдонда маҳорату матонатини намойиш қилди. Дўсту биродарлар ўзаро дийдорлашди. Барча бир-бирини айём билан қутлади. Буларнинг ҳаммаси жуда хосиятли, албатта. Зеро, доноларимиз нақл қилганидек, шарқона янги йил бошидаги кўтаринки кайфият бутун йилга татийди, ишларимиз ривож топиб, юртимиздан файзу барака аримайди.
Ҳамдам МАДАЛИЕВ, “Нуроний” жамғармасининг Навоий шаҳри бўлими маслаҳатчиси:
— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу йилги Наврўзнинг умумхалқ сайиллари сифатида тантана қилингани барча-барчани фаолликка чорлади. Мен ҳам набираларим билан айём шодиёналарида иштирок этдим. Президентимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган табриги эса қувончимизга қувонч қўшди. Қутловда Наврўз билан боғлиқ азалий қадриятларимиз ҳақида сўз юритилиб, унинг асрлар оша эзгулик, тотувлик, шукроналик ва меҳр-оқибат байрами бўлиб келганлиги таъкидланди. Бу янгиланиш ҳамда яшариш айёми муносабати билан биргина биз, кекса авлод вакилларига кўрсатилган иззат-эҳтиром мисолида ҳам яққол намоён бўлди.
Яхшинор АЛЛАЁРОВ, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби (Самарқанд вилояти):
— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан, жойларда халқ сайиллари ташкил этилиши юртдошларимиз кўнглидаги иш бўлди. Ахир баҳор — табиат, борлиқ уйғонадиган фасл. Шу боис Наврўзнинг қиру адирлар бағрида, хиёбону майдонларда нишонланишида ҳикмат кўп. Қолаверса, байрам баҳонасида табаррук кексаларимиз ҳолидан хабар олинди. Гина-кудуратлар унутилиб, ёрдамга муҳтож инсонларга хайр-саховат кўрсатилди. Энг муҳими, бу йилги айём асрлардан-асрларга ўтиб келаётган қадимий анъаналаримизнинг намойиши сифатида қалбларга эзгулик ва кўтаринки кайфият улашди.
«Халқ сўзи» мухбирлари ёзиб олди.