Буюк алломага эҳтиром
  • 24 Март 2017

Буюк алломага эҳтиром

Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек таваллудининг 623 йиллиги муносабати билан конференция бўлиб ўтди.

Унда кенг жамоатчилик, илм-фан вакиллари, талабалар қатнашди. Даставвал тадбир иштирокчилари Мирзо Улуғбек ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйдилар. Расадхона ва Улуғбек музейи фаолияти билан танишдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда аждодларимиз томонидан яратилган маданий-маънавий меросни асраб-авайлаш, давлатчилигимиз тарихини чуқур ўрганиш, ўзлигимизни англаш ва намоён этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, буюк аллома Мирзо Улуғбекнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида тўхталдилар. 

— Буюк бобокалонимиз томонидан олиб борилган тадқиқотлар, мана, неча асрлардан буён дунё аҳлини лол қолдириб келмоқда, — дейди Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти профессори Ахтам Ўролов. — Бундан ташқари, Улуғбек бошчилигида бунёд этилган расадхона ва мадрасалар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Ана шу омиллар бугунги кунда ёшларимизнинг аждодларимизга муносиб бўлиб камол топишларида муҳим аҳамият касб этаётгани, айниқса, эътиборлидир.

1994 йили Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги юртимизда ҳамда ЮНЕСКОнинг Париждаги қароргоҳида катта тантана сифатида нишонланди. Шу муносабат билан Самарқанд шаҳридаги Улуғбек расадхонаси ва мадрасаси ҳудудида кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Шаҳардаги асосий кўчалардан бири, шунингдек, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтига улуғ аллома номи берилди.

Буюк фалакиётшунос олим таваллудининг 615 йиллиги муносабати билан 2009 йил бутун дунёда “Халқаро астрономия йили” деб эълон қилинди. Юртимизда, жаҳоннинг турли мамлакатларида Мирзо Улуғбекнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссаси мавзуида қатор халқаро анжуманлар ва симпозиумлар ўтказилди. Ушбу тадбирларда буюк бобокалонимизнинг дунё астрономия фани равнақидаги ўрни алоҳида эътироф этилди. Мирзо Улуғбек томонидан 1428-1429 йилларда Самарқанд шаҳри яқинидаги Кўҳак тепалигида, Обираҳмат ариғи бўйида бунёд этилган уч қаватли улкан расадхона ва ундаги радиуси 40,2 метрли секстант самодаги минглаб юлдузлар ҳаракатини кузатиш имконини бергани ҳамда коинот илмига доир бир қатор математик рақамлар аниқ баён этилгани билан дунё ҳамжамиятига яхши маълум.

2010 йилда Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳудудида кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Музейнинг эски, кўримсиз биноси ўрнида замонавий лойиҳа асосида расадхонанинг қадимий кўринишини эслатадиган янги бино қурилди. Музей ва расадхона ташқи девор қисми мозаика ҳамда майолика билан безатилди. Музейга кирадиган икки томонлама зиналар гранитдан ишланди. Зинапоя четига ўрнатилган замонавий, кўркам панжараларнинг узунлиги 208 метрни ташкил этади. 

Расадхона ҳудудида ўрнатилган замонавий чироқлар тунда ҳам мажмуани нурга тўлдириб, унинг жозибасини янада оширади.

Тадбир давомида Мирзо Улуғбек музейи мажмуасида ўқувчи-ёшлар учун саёҳат уюштирилди. Самарқанд вилояти мусиқали драма театри жамоаси томонидан саҳналаштирилган, Мақсуд Шайхзода қаламига мансуб “Мирзо Улуғбек” спектакли барчада катта таассурот қолдирди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn