Миллий қадриятлар эъзози
  • 14 Март 2017

Миллий қадриятлар эъзози

Юртимизда бир нечта бахшичилик мактаблари мавжуд. Жумладан, Сурхондарё бахшичилик мактабининг ҳам ўзига хос ўрни ва мавқеи бор. Бу ерда яшайдиган аҳоли дўмбира садосидан завқ олади, миллий оғзаки достонларни мароқ билан тинглайди, шундан руҳланади. Шу боис бирор тўй ёки тантана дўмбирасиз, бахшиларнинг иштирокисиз ўтмайди.

Мен ана шундай муҳитда тарбия топдим. Болалигимданоқ дўмбирани ўзимга ҳамроҳ тутдим. Устозларимиз томонидан маромига етказиб айтилган достонларни қунт билан ўргандим. Дастлаб кичик давраларда, бора-бора туман, вилоят миқёсида ташкил этиладиган тадбирларда қатнашдим. Элга танилдим.  

Отам Қора бахши  қарийб етмиш йилдан бери дўмбира чалиб, достон айтади. Бобом Умир бахши эса Шеробод дoстoнчилик мaктaбининг aсoсчиси Шернaзaр (Шернa) бaхши-нинг севимли шoгирдидир. У кишининг oтaси Сaфaр, унинг укaси Бoйнaзaр ҳaм истеъдoдли ижoдкoрлар бўлишган. 

Халқимизда “Бахшили эл — яхшили эл” деган нақл бор. Аслида ҳам бахшилар халқ маданияти ва маънавиятини юксалтириш, она тилимизни улуғлаш, оила ҳамда жамиятда эзгу анъаналарни қарор топтиришдек улуғ мақсадларга ҳисса қўшади. Шунинг учун ҳам Биринчи Президентимиз Фармони билан мустақиллик йилларида ўзбек достончилиги, бахшичилик санъатини намоён этаётган ўнлаб ижодкорларга “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси” фахрий унвони берилди. Бу миллий қадриятларимизни эъзозлаш ҳамда кенг тарғиб қилишга қаратилган доимий ва юксак эътиборнинг амалдаги ифодасидир. 

Отам Қора бахши Умиров 2008 йилда ана шундай унвонга сазовор бўлди, 2015 йилда мен ҳам “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси” фахрий унвонига лойиқ топилдим. Шунингдек, шогирдим Илҳом Норов “Ниҳол” мукофоти совриндори бўлди. 

Бугунги кунда янги термалар устида изланаяпмиз. Достонлар, термалар, асотирларни тўплаяпмиз. Отам 83 ёшни қоралаган бўлсалар-да, 60 дaн oртиқ хaлқ дoстoнлaрини, 

100 дaн зиёд aнъaнaвий ҳамдa зaмoнaвий термaлaрни ёддан билади. Шулaрдaн “Aвaзхoн”, “Aлпoмиш”, “Нурaли вa Семурғ”, “Жaҳoнгир” кaби дoстoнлaр, 30 дaн зиёд aнъaнaвий ҳамда ўзи ярaтгaн зaмoнaвий термaлaр фoльклoршунoс oлимлaр тoмoнидaн ёзиб oлингaн. Биз шу эзгу қадриятни давом эттираяпмиз.

Ишончимиз комилки, мустақил юртимиз бахшилари бугун амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан руҳланиб, тинчлик-осойишталик, халқимизга хос меҳр-оқибатни дилдан тараннум қилиб, достонлар куйлайверишади. 

Расул УМИРОВ,

Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси.

Музработ тумани

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn