Ёшлар ва китобхонлик маданияти
  • 01 Март 2017

Ёшлар ва китобхонлик маданияти

Юртимизда китобхонлик маданиятини янада юксалтириш, ёш авлодни  мутолаага ундаш каби вазифалар олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.  Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги  “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва -китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишида ҳам бу вазифалар кенг қамровда ўзининг аниқ ифодасини топган.

Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш” мавзуида республика семинари бўлиб ўтди. 

Анжуман икки кунлик дастурни қамраб олган бўлиб, унинг дастлабки кунида иштирокчилар вилоят марказида бунёд этилган “Камолот” китоб дунёси” мажмуаси билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, “Ёшлар маркази”да ташкил этилган китоб кўргазмаси ҳам қатнашчиларда катта таассурот уйғотди.

— Кўргазмада вилоятимизда фаолият юритаётган барча ахборот-ресурс маркази ҳамда китоб савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари қатнашаяпти, — дейди “Камолот” ЁИҲ Навоий вилояти кенгаши раиси Жамшид Хўжаев. — Унда болалар, мумтоз, жаҳон адабиёти ва илмий-оммабоп китоблар намойиш қилинаётгани китобхонларда ўзгача қизиқиш уйғотмоқда. 

Семинар доирасида, шунингдек, шоир ҳамда ёзувчилар, таниқли санъаткорлар ёшлар билан “Мен севган китоб” мавзуида учрашув ўтказди. Унда китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтириш, китобхонлик  савияси ҳамда уни шакллантириш  йўлида бугун ахборот-ресурс ва кутубхона марказлари олдида турган вазифалар хусусида сўз борди.

— Бу каби анжуманлар беқиёс аҳамиятга эга, — дейди Ўзбекистон Республикаси халқ шоири Анвар Обиджон. —  Албатта, бунда изчил ишлар олиб борилиши ўзининг самарасини беради. Президентимизнинг фармойишида китоб маҳсулотларини чоп этишдан тортиб, уни тарқатиш, мутолаа маданиятини ошириш каби инсон маънавиятини юксалтиришга қаратилган барча жабҳа қамраб олингани ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. 

Куннинг иккинчи ярмида анжуман иштирокчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда, “Менинг севимли китобим”, “Зукко китобхон”, “Камолот” кутубхонаси” мавзуидаги тренингларида қатнашдилар.

Бундай тадбирлар семинарнинг иккинчи кунида вилоятнинг Нурота туманида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Азамат ЗАРИПОВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn