«Ёшлар ва китобхонлик»
  • 25 Февраль 2017

«Ёшлар ва китобхонлик»

Пойтахтимизда ана шу мавзуда медиатур ташкил этилди.

Китоб — энг яқин дўст. Қолаверса, у ёш авлод тарбияси, хусусан, ўғил-қизларнинг маънавиятини юксалтиришда беқиёс ўринга эга. Компьютер, интернет, мобиль алоқа воситалари сингари замонавий ахборот технологиялари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган ҳозирги даврда эртамиз эгаларида китобхонлик маданиятини юксалтириш долзарб аҳамият касб этаяпти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борадаги ишларни изчил ташкил этишга кенг имкон яратмоқда.

Халқ таълими вазирлиги томонидан “Ёшлар ва китобхонлик: анъанавий ва замонавий усуллар” мавзуида уюштирилган медиатурда ана шулар хусусида сўз юритилди. 

Тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчи-ёшлар орасида китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда мутолаа маданиятини шакллантириш мақсадида бир қатор анжуманлар ўтказилмоқда. 

— Бугунги кунда халқ таълими тизимида 9576 та ахборот-кутубхона муассасаси мавжуд бўлиб, шундан 12 таси вилоят, 199 таси туман (шаҳар) ва 928 таси мактаб ахборот-ресурс маркази ҳамда 8648 таси мактаб кутубхонаси ҳисобланади, — -дейди Халқ таълими вазири ўринбосари Д. Кенжаев. —  Уларга жами тўрт миллиондан зиёд ўқувчилар аъзо бўлган. Ахборот-ресурс марказлари, кутубхоналар 23 миллиондан ортиқ китоб фондига эга. Улар сонини кўпайтириш мақсадида ҳар йили ўқувчиларга синфдан ташқари мутолаа учун бадиий адабиётлар харид қилинади. 

Эътиборли жиҳати, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда рағбатлантириш мақсадида таълим муассасаларида “Китоб тақдимоти”, “Адабиёт кунлари”, “Китобим — офтобим” номли маърифий анжуманлар, “Мактаб — кутубхона — оила — жамоат ташкилотлари” хайрия тадбири ва ота-оналар иштирокида “Бир фарзандга — уч китоб” акцияси ҳамда “Энг яхши китобхон ўқувчи” ва “Китобхон мактаб” танловларини ўтказиш йўлга қўйилган.

Тадбир давомида тизимда амалга оширилаётган ишлар Миробод туманида жойлашган 328-умумтаълим мактаби мисолида яқиндан ўрганилди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари бу йўналишда яна қилиниши кўзда тутилган вазифалар ҳақида медиатур якунида ташкил этилган брифинг орқали хабардор бўлдилар. 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn