Китоб байрами
  • 23 Февраль 2017

Китоб байрами

Яхши китоб — маърифат қуёши. У дилларни чароғон этади, яхшиликка, эзгуликка чорлайди. Китоб мутолааси кишини инсоф, диёнат, бағрикенглик, саховат, меҳр-оқибат каби фазилатлар соҳиби бўлишга ундайди.

Бугун мамлакатимизда навқирон авлодни баркамол этиб тарбиялаш, улар қалбида Ватанга садоқат, улуғ алломаларимиз меросига, азалий қадриятларга чуқур эҳтиром туйғусини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, ёшлар келажагимиз, эртанги кунимизнинг суянчи ва таянчидир. 

Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишида белгилаб берилган ҳар бир вазифа энг олий мақсад — фарзандларимизда китобга бўлган қизиқишни ошириш, уларнинг таълим-тарбиясини сифат жиҳатидан янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Андижон шаҳрида “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида ташкил этилган тадбирда ҳам бу ҳақда алоҳида таъкидланди. Республика Маънавият тарғибот маркази, “Китоб олами” маънавий-маърифий савдо мажмуаси, “Ўздавкитобсавдотаъминот” МЧЖ ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда меҳнат жамоалари, таълим муассасалари вакиллари, кенг жамоатчилик, ота-оналар ҳамда талаба-ёшлар қатнашди. Унда юзга яқин нашриёт ва муаллифларнинг 1000 номдаги 69 мингта китоби кўргазмаси ҳам уюштирилди.

— Ушбу тадбирга онам билан келдим, — дейди 8 ёшли Наргиза Умрзоқова. — Чунки китоб ўқишни яхши кўрганим учун онам доим турли мавзулардаги адабиётларни олиб беради. Бугун инглиз тилидаги эртаклар тўпламини танладик. Унинг мутолааси тасаввуримни кенгайтириш билан бир қаторда, чет тилини ўзлаштиришимда ҳам қўл келади. 

Кўргазмада нафақат ўзбек тилидаги, балки рус, инглиз ва бошқа ўнлаб тилларда чоп этилган китоблар намойишга қўйилди. Аҳамиятлиси шундаки, улар орасида электрон шаклдаги ҳамда Брайл алифбосидаги адабиётлар ҳам мавжуд. Анжуман доирасида турли маърифий-маънавий ва маданий тадбирлар ташкил қилинди.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn