Алломалар меросига юксак эҳтиром
  • 16 Февраль 2017

Алломалар меросига юксак эҳтиром

Мамлакатимиз бой тарихий меросга эга. Мустақиллик йилларида урф-одат ва анъаналаримизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимиз, азиз авлиё ҳамда алломаларимизнинг табаррук номларини тиклаш, улар қолдирган бой меросни тадқиқ этиш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида ибратли ишлар амалга оширилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 14 февралда имзоланган “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг давоми сифатида барчамизда катта мамнуният ҳиссини уйғотди. 

Эндиликда ташкил этиладиган Марказ томонидан ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳияти, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асослари, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар мероси атрофлича ўрганилади. Шу мақсадда хорижий илмий марказлар ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида конференциялар, симпозиумлар, кўргазма, илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатлар кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган термизий алломалар ҳамда буюк мутафаккирларимизнинг қўлёзма ва тошбосма асарлари нусхаларининг тўпланиши, илмий-тадқиқот ишлари олиб борилиши тарихимизнинг ноаён саҳифаларини ёритишга, янада кенг ва муфассал маълумотларни билишимизга, ўтмиш ҳақиқатларини аниқлаштиришга хизмат қилади. 

Дарҳақиқат, ёшлар онгига турли мафкуравий хуружлар таҳдид солаётган ҳозирги кунда аждодлар мероси, ундаги ватанпарварлик, инсонпарварлик ғоялари сингари таҳдидбардош иммунитет шаклланишида муҳим бўлган энг таъсирчан, энг қудратли омиллардан биридир. Исо Термизий ҳадис ва бошқа илмларга тааллуқли кўплаб ажойиб асарлар ёзиб қолдирганлар. Айни дамда Термиз давлат университети олимлари томонидан улуғ бобокалонимизнинг илмий меросига оид бир қанча тадқиқотлар олиб борилаяпти. Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори туфайли бу борадаги изланишлар жадаллашиши, шубҳасиз. Ушбу ҳужжат бой маданий мероси, илмий фаолияти ҳамда инсоний фазилатлари билан барчага ўрнак бўлган етук алломалар хотирасини эъзозлаш, асарларини тарғиб-ташвиқ қилиш асносида маънавиятимиз пойдеворининг мустаҳкам асосларидан халқимиз, айниқса, ёшларимизни баҳраманд этиш, уларнинг камолот юксакликларига эришишини рўёбга чиқариш мақсадида қабул қилингани билан эътиборга моликдир.  

Рамазон АБДУЛЛАЕВ,

Термиз давлат университети ўқитувчиси, 

филология фанлари номзоди, доцент.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn