«Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур...»
  • 14 Февраль 2017

«Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур...»

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзбек адабиётининг Алишер Навоийдан кейинги буюк намояндаси ҳисобланади. 

Чунки машҳур муаррих Мирзо Ҳайдар таъбири билан айтганда: “Туркий шеъриятда Мир Алишердан кейин ҳеч ким унингчалик кўп ёзмаган”. Чиндан ҳам, Бобур ижоди Навоийдан сўнг алоҳида босқични ташкил этади. У адабиётни ҳаётга, адабий тилни халқ тилига яқинлаштирди. Атоий, Лутфий шеърларидаги халқчиллик Бобур асарларида янгича шаклда қайта туғилди. Хусусан, “Бобурнома” билан у туркий адабиётда реалистик насрни бошлаб берди, содда, халқона услубга асос солди. Шоир меросининг -ҳайратланарли даражада ҳаётийлиги, кўнгилга яқинлиги, туйғуларининг табиий ва самимийлиги шундан.

Бобур ғазал, рубоий, туюқ, қитъа, фард, маснавий жанрларида қалам тебратиб, айниқса, ғазал ва рубоийда юксак маҳорат кўрсатган. Бу шеърларда Ватан соғинчию ғурбат ғами, зафарлар қувончию мағлубиятлар алами ўзининг ёрқин бадиий ифодасини топган. Жумладан, ҳасби ҳол, кўнгил кайфияти ифодаланган шеърлар ўзининг самимияти билан ажралиб туради. Баъзи шеърларида табиат манзараларининг гўзал ҳамда бетакрор чизгиларини учратамиз. Улар орасида инсоний комилликка даъват қилиб, илму маърифатнинг аҳамиятини улуғлаб, дунё, нафс, ҳою ҳаваслар, жоҳиллик ва ғофилликни қоралаб ёзилган, панд-насиҳат йўналишидаги шеърлар ҳам анча-мунча. Енгил ҳамда равон услуб, содда ва тушунарли тил, табиий ҳамда самимий ифода тарзи ҳаётий ҳодисалар ва шахсий кечинмалар талқини билан уйғунлашиб, Бобур шеъриятининг фавқулодда халқчиллиги ҳамда бадиий баркамоллигини таъминлаган.

Бобурни ўқувчи худди ўзининг яқин ҳамсуҳбати, сирдошидек қабул қилади. Сабаби шоир ўқувчи билан ўзини тенг тутиб гапиради, фазилатлари хусусида ўртоқлашибгина қолмай, қусурларини ҳам мардлик билан очиб ташлайди. 

Бағри кенг, меҳридарё инсон бўлган Бобур, ўзига ёмонлик қилганларнинг ҳам гуноҳидан ўтиб, қўлидан келганча яхшилик кўрсатган. “Бобурнома”да бу борадаги кўплаб ёрқин мисолларни учратамиз. Ҳасанхожа Нисорийнинг ёзишича: “Кимки жаҳонпаноҳ даргоҳига илтижо қилган бўлса, подшоҳнинг инъомидан баҳраманд бўлди ва фазл дастурхони неъматидан қуруқ қолмади. Дарё мисол қўли билан саховат оламига -эркинлик берди”. Чунки у жаҳонда фақат яхшилик пойдорлигига, одам боласидан фақат яхшилик қолишига ишонган. Шунинг учун ҳам барча элга яхшилик қилки, шундан яхши нарса йўқ, токи дунёда фалон кишидан яхшилик қолди, деб эслаб юрсин, деган ақида билан яшаган:

Бори элга яхшилик қилғилки, 

мундин яхши йўқ —

Ким, дегайлар даҳр аро қолди 

фалондин яхшилиғ!

Бобурнинг нуқтаи назарига кўра, инсон яшар экан, ҳам халқ, ҳам Ҳақ ризосига эришиш учун ҳаракат қилиши керак. Бу инсоний комиллик шарти бўлиб, ўзи ҳам дунёвий ва диний илмларни етарли даражада ўзлаштирган, барча эзгу фазилатларнинг соҳиби бўлган етук инсон эди. Шоир бир рубоийсида шунга даъват этади:

Носиҳ сўзи санга 

неча мардуд ўлғай,

Яхшию ямон қошингда 

нобуд ўлғай.

Бори эмди маош 

 бир навъ этким,

Ҳақ рози-ю, олам эли 

хушнуд ўлғай.

Муттасил равишда ўз хатти-ҳаракатлари, айтган сўзларини таҳлил қилган, ўзини мудом чиғириқдан ўтказиб турган Бобур арзимаган ножўя хатти-ҳаракати, кичик бир айбу хатоси учун ҳам ўзини сира кечирмаган. Шоир шеърларини мутолаа қилар экансиз, ўзини аямай мазаммат этганлигининг гувоҳи бўласиз. Зеро, ўз-ўзи билан курашмоқ инсоний камолот йўли бўлиб, натижаси комиллик мақомидир.

Шоир талқинида комил инсон ва яхши одам тушунчалари ўзаро кесишади. Зеро, яхши тарбия кўрган, дунёвий ҳамда илоҳий билимларни етарли даражада ўзлаштирган, нафсу ҳавога берилмайдиган, мол-дунёга ҳирс қўймаган, инсофли, диёнатли, адолатли, сахий, бировдан яхшилигини аямайдиган, хушмуомала, кўнгли очиқ, бағри кенг, мард, танти, эътиқоди мустаҳкам киши Бобур наздида яхши, яъни комил инсон ҳисобланади. 

Комил инсон учун кейинги талаб нафс тарбияси ва яхши инсоний фазилатларни ўзлаштириш, ўзидаги барча қусурни маҳв этиш, нафснинг ёмонликлари, ундан қутулиш лозимлиги ҳақида Бобур ўзининг маснавийларидан бирида шундай ёзади.

Гарчи зоҳирда 

тўғридектур нафс,

Жисминг уйида 

ўғридектур нафс.

Комилликнинг яна бир шарти ҳаммага яхшилик қилиш, эл билан яхши муомалада бўлиш, хайру саховат намуналарини кўрсатиш ва бошқа эзгу инсоний фазилатларки, шоирнинг бир қатор шеърларида улар улуғланади. 

Бобур учун комил инсон қандайдир самовий, мавҳум бир зот бўлмай, балки маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук, касбу ҳунарда баркамол, илму донишда ўз даврининг пешқадами, барча эзгу фазилатни ўзида жамлаган реал, ҳаётий шахс. Бугина эмас. У ўзининг илми, ҳунари, тажрибаси, бойлиги, имкониятини эл-юрт манфаати учун сарфлаши керак. Буюк зотлар учун ҳақиқий одамийлик — халқ оғирини енгил қилишда, эл хизматига камарбаста бўлишдадир.

Бобурнинг ақидаси ва ҳаётий тажрибасига кўра, ҳар ким қилмишидан топади: яхши одам ёмонлик қилиши мумкин эмас, ёмон кимсага эса умри ҳам ҳайф; худди шундай вафо қилган вафо кўради, жафо қилган жафо. Бу фикрлар унинг шеърий ҳикмат даражасига кўтарилган қуйидаги рубоийсида ўзининг ёрқин ифодасини топган:

Ҳар кимки вафо қилса, 

вафо топқусидур,

Ҳар кимки жафо қилса, 

жафо топқусидур.

Яхши киши кўрмагай 

ёмонлик ҳаргиз,

Ҳар кимки ёмон бўлса, 

жазо топқусидур.

Аслида, ихчамлик, лўндалик, ўткирлик, тушунарлилик ва таъсирчанлик ҳикматли сўзнинг асосий хусусиятлари бўлиб, Бобур ўз ҳикматларида бу талабларга ортиғи билан риоя қилган. Шоир қаламига мансуб мазмунан теран, бадиий баркамол ҳикматларнинг асрларни бўйлаб келгани ва бундан кейин ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаслиги сири шунда.

Эргаш ОЧИЛОВ,

филология фанлари номзоди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn