Башариятга дахлдор мерос
  • 14 Февраль 2017

Башариятга дахлдор мерос

Сўз мулкининг султони, улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий ижодий мероси — абадиятга дахлдор. Унинг даҳоси замон ва макон чегарасини билмайди. Юксак тафаккури инсониятни эзгуликка ошуфта этади. Шу боис миллатимиз шаъну шарафини дунёга тараннум қилишда ана шу буюк аждодимиз, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намояндаси беқиёс хизматларини ғурур ҳамда ифтихор билан тилга оламиз.

Бу Навоий шаҳрида “Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзуида ўтказилган халқаро илмий конференция иштирокчилари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими вазирликлари, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Республика Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими, вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида уюштирилган мазкур тадбирда Венгрия, Озарбайжон, Қозоғистон давлатларидан таниқли навоийшунос олимлар, ёш тадқиқотчилар ўз маърузалари билан қатнашди.

Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, ҳазрат Навоий шахсияти ва ижодига муносабат тубдан ўзгарди. Натижада бугун унинг асарларини янада чуқурроқ ўрганиш бўйича кўплаб тадқиқотлар қилинаяпти, илмий изланишлар кўлами тобора кенгаймоқда.

— Алишер Навоий асарлари дунё адабиёти, айниқса, шеърияти ривожига алоҳида таъсир кўрсатган, — дейди венгриялик олим Бенедик Пери. — Шу боис унинг ижодий мероси Европада ҳам катта қизиқиш билан ўрганилади. Негаки, шоир достонлари, ғазаллари, рубоийлари — ҳикматлар чашмаси, маънолар хазинаси. Уларни мутолаа қилиш орқали маънавий оламингизни бойитиб борасиз. Айни сабабдан мазкур асарлар ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди.

Айтиш жоизки, мазкур нуфузли тадбирнинг буюк мутафаккир номи билан аталувчи вилоятда ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Негаки, айни кунда ушбу ҳудуд Навоий бобомиз -сиймосига юксак эҳтиром рамзига айланган. Воҳа марказида шоирнинг муаззам ҳайкали қад ростлаган хиёбондан зиёратчилар қадами узилмайди. Шаҳарда Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғи фаолият юритаяпти. Кейинги йилларда ушбу манзилларда олиб борилган кенг кўламли бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари самарасидан кўз қувонади. Қолаверса, вилоят марказидаги “Фарҳод” ва “Ширин” маданият саройлари санъат вакиллари, зиёлилар, ёшлар билан ҳамиша гавжум.

Халқаро конференция Навоий ижодини ўрганишда эришилган ютуқлар, ечимини кутаётган масалалар хусусидаги мунозаралар, шоир асарларини хорижий тилларга таржима қилиш борасидаги илмий изланишлар самарасига бағишланган маърузалар билан янада юксак мазмун-моҳият касб этди. Бинобарин, тадбир давомида Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодига оид кўргазма ташкил қилиниб, “Фарҳод” маданият саройида мамлакатимизнинг таниқли актёр ҳамда санъаткорлари томонидан саҳна кўриниши ижро этилди, шоир ғазалларидан намуналар ўқилди.

Конференцияда Навоий вилояти ҳокими Қ. Турсунов сўзга чиқди.

Азамат ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn