Улкан истеъдод соҳиби
  • 14 Февраль 2017

Улкан истеъдод соҳиби

Кейинги йилларда юртимиз ҳамда жаҳоннинг бир неча мамлакатларида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг фаолияти ва ижодий мероси бўйича кенг қамровли тадқиқотлар олиб борилди. Умуман, моҳир саркарда ҳамда беназир шоир хусусида кўп ва хўп айтилган, десак, муболаға эмас. Қомусий олим, географ, тилшунос, ҳарб илмининг таниқли арбоби — буларнинг барчаси унинг тимсолида яққол акс этган. Шунинг билан -бирга, айтиш жоизки, Бобур — ўз даврининг атоқли миришкори бўлганлиги ҳам тарихий ҳақиқат.

Тадқиқотчилар Бобур Кобулда бўлган чоғида унинг туманлари, халқи, урф-одатлари, ҳайвонотию ўсимлик дунёси ҳақида “Бобурнома”дан бошқа бирор манбада бунчалик муфассал маълумот учрамаслигини эътироф этишади. Масалан, “Андижоннинг ношпотисидан яхшироқ ношпоти бўлмас” ёки “...қирғовули беҳад семиз бўлур”, деб ўша давр деҳқончилиги ва табиатига оид воқеликни тасдиқлаб беришининг ўзиёқ жуда қимматли манба ҳисобланади. 

Тарихий манбалардан аёнки, истилочилар бирон мамлакатни эгалласалар, маҳаллий аҳолига жабр етказиб, хонавайрон қилишган. Бобур эса аксинча фақат ободликни устувор вазифа деб билган. У 1526 йил апрелдаги Панипат жангида Деҳли Султони Иброҳим Лўдий устидан ғалаба қилгач, шаҳарда бу тарихий зафар шаънига катта боғ қуришни буюради. Боғ битгунча Панипатдан кетмайди. Бобур номидаги халқаро жамғарма уюштирган илмий экспедиция сафари чоғида Ҳиндистонда бўлиб, Панипат шаҳридаги боғни зиёрат қилдик. Дарвоза ёнига: “Панипат жанги Ҳиндистон тарихида буюк бурилиш ясади”, деган мазмунда ҳинд ва инглиз тилларида ёзув — панно ўрнатилган.

Бобур буюклигининг таърифи бениҳоя даражада. Истеъдодининг миқёси шунчалик улканки, чеку чегараси йўқдай туюлади. Қолаверса, шундай аждодимиз борлигидан чексиз фахру ифтихор туясиз. 

Сайфиддин ЖАЛИЛОВ,

тарихшунос олим.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn