Хонадоннинг маънавий ганжи
  • 13 Февраль 2017

Хонадоннинг маънавий ганжи

Китоб — чинакам мўъжиза. У илму маърифат манбаи, тафаккур маҳсулидир. Ўн-ўн беш йил аввал “сўнгги ўқиган асарингиз...” деган саволдан мутолаадан йироқлашган зиёлилар ўнғайсиз аҳволга тушиб қолишарди. Бугун эса мазкур -саволни беришнинг ўзи ўнғайсизроқ. Бироқ “китобсиз ҳам ҳаётим ёмон кечаётгани йўқ”, деган ақида билан яшаётганлар, афсуски, орамизда йўқ эмас.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида китобнинг ўрни ва қадри тўғрисида тўхталар экан, оилавий муҳит ҳамда фарзанд тарбиясида китоб ҳал қилувчи куч эканлигига эътибор қаратди.

Президентимизнинг 2016 йил 30 декабрь куни республикамиз  илм-фанининг етакчи намояндалари билан учрашувда мутолаадан йироқлашишнинг оқибатлари хусусида билдирган фикрлари ёшлар тарбиясининг истиқболини китоб тимсолида кўришнинг ёрқин ифодасидир. Бинобарин, “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиш бу борадаги камчиликларни бартараф этиш йўлидаги тарихий қадам, десак, асло муболаға эмас.

Китоб маҳсулотларини чоп қилиш ва тарқатиш, китобхонлик маданияти ҳамда тарғиботи борасида Навоий вилоятида ҳам матбуот, ноширлик ва ахборот соҳасидаги тегишли ҳуқуқий асос доирасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятда “Матбуот уйи” барпо этилиб, унинг базасида замонавий матбаа ускуналари билан жиҳозланган босмахона фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, мазкур бинода Алишер Навоий номидаги нашриётнинг жойлашгани ҳам ижод аҳлига бир қатор -қулайликлар яратмоқда. Яъни нашриёт томонидан маҳаллий ижодкорларнинг асарлари билан бирга, жаҳон адабиётининг -нодир дурдоналари ҳам чоп қилинмоқда.

Қизилтепа, Кармана, Навбаҳор ва Хатирчи туманларида  ёшларнинг ижод намуналаридан тузилган баёзларни нашр этиш анъанага айланган. Биргина ўтган йили вилоят марказида “Камолот” китоб дунёси” савдо маркази қурилиб фойдаланишга топширилди. Яна бир маърифат  ошёни — “Китоб олами” савдо мажмуасида эса пардозлаш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. 

Бугунги  кунда  вилоятда ахборот-кутубхона маркази, 45 та  ахборот-ресурс маркази ва 361 турли кутубхона, жумладан, кўзи ожизлар учун 3 та кутубхона аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Ахборот-кутубхона марказларининг умумий жамғармаси 2016 йил ҳолатига кўра, 162919 нусхани ташкил этиб, унинг 158976 нусхаси китоб, 3426 таси журнал, 517 нусхаси электрон нашрдан иборат. 2016 йил давомида 974 нусха янги адабиёт олинди. Бироқ ўтган  йили 2015 йилдагига нисбатан  китобхонлар сони 15 фоиз ортгани ҳолда, китоб берилиши ва қатновнинг 15 — 20 фоиз камайганлиги мазкур фондлар вилоят аҳлининг эҳтиёжларини қаноатлантиришга етарли эмаслигидан далолат беради. 

— Президентимиз фармойишида китоб тарғиботи масаласига алоҳида  эътибор қаратилгани мутолаа ва китобхонлик -маданиятини оширишда катта аҳамиятга эга. Боиси, бугун у талабдан анча ортда, — дейди ёзувчи Одил Ҳотамов. — Мисол учун, хонанданинг бир қўшиғи бир кунда “бунга овоз беринг, бу рақамга овоз беринг” қабилида ўн марталаб такрорланади. Китоб тарғиботини ҳам шунга яқинлаштириш зарур. Мутолаадан йироқлашиш фикрлаш қобилиятини сусайтиради. Очиғи, китоб савдосини кўнгилдагидек, деб бўлмайди. Масалан, бир пайтлар Кармананинг ўзида олтита китоб дўкони бор эди.

Конимех туманида китоб савдоси билан шуғулланадиган бирорта ҳам дўкон фаолияти йўлга қўйилмагани ҳолда, якка тартибдаги тадбиркорларга қарашли дўконларда ҳам танлаш имкониятининг торлиги ташвишланарли ҳолдир. Қолаверса, -кутубхоналар фаолияти ҳам бугун ўз ортидан ўқувчини эргаштиришга ожиз. 

— Фармойишда ихтисослаштирилган китоб дўконлари учун вилоят, туман марказлари ва шаҳарлар ҳамда қишлоқларда аҳоли гавжум ва қулай ҳудудлардан жой ажратиш ёки ижарага бериш масалаларини қайта кўриб чиқиш, сотув айланмасида китоб улушининг ҳажми 70 фоиздан кўп бўлган тадбиркорлик субъектларини алоҳида статистик ҳисобга олиш ва уларга тегишли солиқ имтиёзлари қўллаш тартиби тўғрисидаги вазифаларнинг белгиланиши соҳада туб ўзгаришлар ясаши шубҳасиз, — дейди адабиётшунос олим Абдуҳамид Холмуродов. — Айниқса, китоб таннархини пасайтириш унинг -харидоргирлигини таъминлайди.  

Одатда, меҳмондорчиликка борганимизда, мезбон бизни меҳмонхонага бошлайди. Шинам хонадаги замонавий мебель, -истаймизми-йўқми, эътиборимизни тортади. Чинни, биллур идишлар кўзни қамаштиради. Китоб учун мўлжалланган жавон эса деярли бўш. Тўғри, китоб безак эмас. Бироқ у харид қилинса, хонадонга маънавий кўрк бўлиши муқаррар. 

Китоб сотилиши ва мутолаасидан манфаатдорлик масаласига келсак, албатта, ундан харидор, яъни китобхон  наф кўради. Боиси, китоб йўлларни ойдин этувчи, тараққиётга етакловчи кучки, унинг ўрнини бошқа ҳеч нарса билан алмаштириб, қиёслаб бўлмайди. 

Темур  ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn