Буюк шоирга эҳтиром
  • 10 Февраль 2017

Буюк шоирга эҳтиром

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида, таълим муассасаларида, ҳарбий қисмларда улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллиги муносабати билан турли тадбирлар, маънавий-маърифий кечалар, адабий-бадиий анжуманлар бўлиб ўтмоқда.

Уларда истиқлол туфайли азалий қадриятларимиз тикланганлиги, диёримизда камол топган аллома ва мутафаккирларнинг бой маънавий меросини ўрганишга кенг йўл очилгани, бу эса ёшлар тарбиясида улкан аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланаяпти. 

Дарҳақиқат, Алишер Навоий шахсияти, асарларига бўлган эҳтиром тубдан юксалди. Юртимизда унинг номи билан аталувчи вилоят, ўнлаб маданий-маърифий муассасалар, ташкилотлар бор. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан мустақиллигимизнинг дастлабки йили “Алишер Навоий йили” деб аталиши, пойтахтимизда қад ростлаган бобокалонимиз номидаги муҳташам боғ ана шу чуқур эҳтиром ва эътиборнинг ёрқин ифодасидир, албатта. 

Бугун биз Алишер Навоий орзу қилган, тараннум этган осуда ҳаёт, фаровон турмуш, юксак тараққиётдан баҳрамандмиз. Ёшларимиз ул зотнинг асарларидаги қаҳрамонлар каби эзгулик сари бел боғлаб, юрт равнақига ҳисса қўшишга чоғланмоқдалар. 

9 февраль куни анъанага кўра, Алишер Навоий номи билан аталувчи Ўзбекистон Миллий боғида шоир таваллудининг 576 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ҳамда идоралар, ижодий уюшмалар мутасаддилари, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, талаба-ёшлар иштирок этган анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М. Аҳмедов ва бошқалар бугун буюк аждодларимизнинг умрбоқий илмий-маърифий меросини ўрганиш борасида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатларни алоҳида эътироф этдилар.

Маълумки, “Хамса” нафақат XV аср маданий ҳаётининг, балки бутун бир миллатнинг маънавий қомуси ҳамдир. Унинг таркибига кирган “Ҳайрат ул-аброр” достонини ўқир эканмиз, яхшиларнинг ҳайрати ўзига хос бир мақом (“аброр”) даражасига кўтарилганини, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”ни мутолаа қилар эканмиз, шоир ўз ҳолатини англатганлигини тушунамиз. “Сабъаи сайёр” достонининг ҳайрати етти иқлимдан келган етти мусофирнинг етти кечада айтган ҳикояларининг ҳодисотида эмас, балки бу еттиликлар шаклида баён этилган қиссага камалакдаги етти ранг, мумтоз фалсафадаги етти мақом, мусиқадаги етти оҳанг жам бўлгани учун ҳам улар бетакрор симфония каби янграйди. “Садди Искандарий”да етук бир жамият, обод Ватан орзуси баён қилинган. Шундай экан, ҳозирги глобаллашув даврида Алишер Навоийнинг инсоний баркамоллик, одоб-ахлоқ, беғубор ва покиза туйғулар улуғланган асарлари ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда. Шу боис улуғ шоирнинг ижод намуналари жаҳон халқларининг кўплаб тилларига таржима қилиниб, олимлар, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилаётир.

— Бугун буюк бобокалонимиз Навоийни дунё яна яқинроқ танимоқда, — дейди тадбир иштирокчиси, Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчиси Д. Султонова. — Зеро, унинг асарлари бутун башариятга дахлдор. Биз шундай улуғ инсоннинг ижодидан баҳраманд бўлаётганимиз учун беҳад миннатдормиз, бундан фахрланамиз. Ушбу ифтихор эса мени буюк мутафаккирнинг ғазалларини инглиз тилига таржима қилишга ундади.

Тадбирда ҳазрат Навоий ғазалларидан намуналар ўзбек ва инглиз тилларида ўқилди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир Мирпўлат Мирзо мутафаккир бобомизга бағишланган “Навоийга эҳтиром” шеърини ўқиди. “Ниҳол” мукофоти совриндори Илёс Арабов ижросида шоир ғазаллари билан куйланувчи ашулалар ижро этилди.

Иштирокчилар Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов иштирок этди.

* * *

Шу куни пойтахтимиздаги Шоирлар хиёбонида Алишер Навоий таваллудига бағишланган мушоира ҳам бўлиб ўтди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Сўз мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллигига бағишланган тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва пойтахтимизда кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.

Хусусан, Оролбўйи минтақасида маданий-маърифий анжуманлар, адабий учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилди. Чунончи, Элликқалъа туманидаги 18-болалар мусиқа ва санъат мактабида уюштирилган тадбирда Алишер Навоий асарлари туганмас ҳамда бебаҳо маънавий манба эканлиги алоҳида таъкидланди. Адабий кеча давомида ёшлар томонидан шоир ғазалларидан намуналар ўқилди, дилрабо куй-қўшиқлар ижро қилинди.

Шоир номи билан юритилувчи Навоий вилоятидаги тадбирларда ҳам улуғ бобокалонимиз меросини чуқур ўрганиш, уларни кенг тадқиқ этиш, ёшлар орасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтиришнинг аҳамияти ҳақида сўз борди. Анъанага мувофиқ, 9 февраль куни кенг жамоатчилик, турли идора ҳамда ташкилотлар вакиллари, талаба ва ўқувчилар шоир ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди. 

— Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан шаҳримизга ҳазрат Навоийнинг муаззам ҳайкали ўрнатилгани буюк аждодимизга ёрқин эҳтиром -ифодасидир, — дейди филология фанлари номзоди Улуғбек Сатторов. — Ушбу манзил энг табаррук масканларимиздан бирига айланган. Бу ерга ташриф буюрганлар, айниқса, ёшлар юртимиздан дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган улуғ алломалар етишиб чиққани, уларга муносиб авлод бўлишлари кераклиги хусусида кенг тушунчага эга -бўладилар.

Шундан сўнг “Фарҳод” маданият саройида шоир ижоди ва фаолиятига бағишланган анжуман ҳамда бадиий кеча бўлиб ўтди. Унда буюк мутафаккир ижодининг мафтункор қирралари, шоир шеъриятини ўрганиш ва тадқиқ этишдаги вазифалар хусусида мулоҳазалар юритилди. Шоир ғазаллари асосидаги мумтоз қўшиқлар ҳамда саҳна кўринишлари тадбирга янада файз киритди.

Фарғона шаҳрида Алишер Навоий таваллудига бағишлаб ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимлиги вакиллари, турли ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, шоир ҳамда ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, талаба-ёшлар қатнашди.

Қайд этилганидек, улуғ бобомизга Москва, Токио ва Боку шаҳарларида ўрнатилган ҳайкаллар халқимиз маънавияти, маданиятига кўрсатилган юксак ҳурмат ифодасидир. 

— Бугунги глобаллашув даврида Алишер Навоий меросига қайта-қайта мурожаат қилиш, унинг асарларида ўз ифодасини топган, инсонни камолотга етаклашга қаратилган эзгу ғояларни ёшлар онгига сингдириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда, — дейди Фарғона давлат университети профессори Сиддиқ Мўминов. — Улкан сўз санъаткорининг ибратли ҳаёти ҳамда серқирра ижоди барча замон ва маконлар учун бирдек ҳикмат ҳамда маърифат манбаидир.

Жиззах вилоятидаги таълим муассасалари, маданият масканлари ва маҳаллаларда ҳам мазкур сана муносабати билан қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Илм ҳамда ижод аҳли иштирокидаги учрашув, давра суҳбатлари қизғин мушоирага айланди.

Наманган санъат коллежида ҳам Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир уюштирилди. Шоирнинг асарлари асрлар мобайнида инсониятни эзгуликка, ҳамжиҳатликка, илм-маърифатга чорлаб, халқимиз учун чексиз фахр-ифтихор тимсоли бўлиб келаётгани таъкидланди. “Алишер Навоий ижоди — маънавиятимиз хазинаси” деб номланган ушбу анжуманда шоир ғазалларига басталанган мумтоз қўшиқлар ижро қилинди. Бундай маънавий--маърифий тадбирлар, шунингдек, Навоий номидаги вилоят мусиқали драма театри, вилоят ўлкашунослик музейи, халқ таълими муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ва -академик лицейларда ҳам давом этмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn