Башариятнинг буюк шоири
  • 09 Февраль 2017

Башариятнинг буюк шоири

Мустақиллик йилларида Алишер Навоий халқимиз кўз ўнгида улуғворлиги билан қайта намоён бўлди. Истиқлолимизнинг дастлабки йили озод Ватанимиз солномасида “Алишер Навоий йили” сифатида улуғланди. Пойтахтимиз марказида унинг номи билан аталувчи муаззам боғ — Ўзбекистон Миллий боғи барпо этилди. Энг муҳими, улуғ шоир меросини бутун кўлами, кенг қирралари билан ҳар томонлама чуқур ўрганиш, бу борада тарихий адолатни қарор топтириш учун барча имконият яратилди.

Алишер Навоий ўзининг бутун фаолияти давомида инсонни, унинг энг гўзал фазилату хислатларини бетакрор меҳр-муҳаббат билан куйлади. Унинг қайси бир асарини олиб кўрманг, инсоний фазилат ҳақидаги фикрлар мужассамлашганини дарров пайқайсиз. Буларнинг энг мукаммалларидан бири одамлар билан аҳил-иноқ яшаш, халққа ғамхўрлик кўрсатишдан иборатдир.

Давлатимиз раҳбари томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном олган жорий йилда олиб борилаётган эзгу ислоҳотлар ҳамда ташаббуслар ҳам улуғ бобокалонимиз орзу қилган хайрли амалларга ҳамоҳанглиги билан барчамизга, айниқса, навқирон авлодга ибрат бўлаётгани аҳамиятлидир. Зеро, меҳру мурувват, хайру саховатда ўзи намуна бўлган ҳазрат Навоий асарлари орқали ҳам кишиларни яхшилик қилишга, бир-бирини қўллаб-қувватлашга чақирган. Чунончи, “Маҳбуб ул-қулуб” асарида саховат ва ҳиммат бобида алоҳида фикр юритиб, саховатни инсоният боғининг мевали дарахтига ўхшатади, одамийлик мамлакатининг мавжли уммонига, бу уммоннинг бебаҳо гавҳарига қиёслайди. Бинобарин, Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган тадбирларда унинг асарларида илгари сурилган ана шундай умумбашарий гуманистик ғоялар ёшлар қалбига сингдирилмоқда.

Биз “Абадият гулшани” саҳифаси орқали улуғ шоиримизнинг буюк мақсад-муддаолари, мушоҳадалари ифодаланган асарларига мурожаат қилишда давом этамиз.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Бебаҳо мерос эъзози Буюк шоирга эҳтиром »