Бебаҳо мерос эъзози
  • 09 Февраль 2017

Бебаҳо мерос эъзози

Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида миллий маънавиятимизни юксалтириш, улуғ аждодларимизнинг ўлмас меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш, унинг мазмун-моҳиятини ёшларимиз онгу шуурига сингдиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу ҳақда кеча Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри биносида “Алишер Навоий ва XXI аср” мавзуида ташкил қилинган республика илмий-назарий анжуманида алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида уюштирилган мазкур тадбирга шоир ва ёзувчилар, навоийшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, улуғ шоир мероси тадқиқоти билан шуғулланувчи чет эллик олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф қилинди.

Анжуманда сўзга чиққан Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М. Каримов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М. Аҳмедов, филология фанлари доктори, профессор Ш. Сирожиддинов, Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси Э. Аъзамов ва бошқалар Алишер Навоийнинг серқирра ижоди асрлар мобайнида инсониятни эзгуликка, ҳамжиҳатликка, илм-маърифатга чорлаб, халқимиз учун чексиз фахр-ифтихор тимсоли бўлиб келаётганини эътироф этишди.

Дарҳақиқат, башарият тарихининг ижтимоий-сиёсий, илмий-маданий соҳаларида салмоқли ўрин тутган сиймолардан бири Алишер Навоийдир. Унинг ижодий мероси дунёнинг кўплаб мамлакатларида катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Жумладан, озарбайжон, афғон ва ҳинд, покистонлик ҳамда бангладешлик олимлар унинг асарларини қунт билан тадқиқ этишаяпти. Буюк бобокалонимиз ҳақида мазкур мамлакатларда кўплаб илмий асарлар, қисса ва романлар, бадиий фильмлар яратилгани, музейлар барпо қилингани, айниқса, диққатга сазовор.

Бинобарин, тадбирда қатнашган чет эллик олимлар эътироф этганидек, буюк аждодимиз асарларида инсон руҳиятининг гўзал бадиий ифодаси, маънавий юксакликка интилиш, тинчлик ҳамда фаровонлик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, яратувчанлик, эл-юрт ободлиги каби эзгу ғоялар тараннум қилингани барча учун маънавият мактабидир.

— Алишер Навоий асарларига бизнинг юртимизда ҳам қизиқиш катта, — дейди анжуман иштирокчиси Бенедик Пери (Венгрия). — Унинг ҳикматларга тўла достонлари, рубоийлари ҳеч қачон аҳамиятини йўқотмайди. Шунинг учун ҳам улуғ шоирнинг бой адабий меросига бўлган ҳурмат ва эҳтиром юксалиб бормоқда.

Эътибор беринг, XVI асрнинг охиридан XVII асрнинг бошларигача Алишер Навоий асарлари итальян тилида 4 марта, немис тилида 5 марта чоп этилган. Булар орасида “Фарҳод ва Ширин”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Маҳбуб ул-қулуб” асарларининг немис тилига ўгирилганлиги ўарбда буюк мутафаккир асарларини ўрганишнинг янги палласи бошланганлигидан далолат беради. Шуни ғурур ҳамда ифтихор билан айтиш мумкинки, Алишер Навоийнинг жаҳоншумул аҳамиятга молик бой меросидан Европа халқлари ҳам баҳра олишга муяссар бўлмоқдалар.

Анжуман шуъбаларга бўлинган ҳолда давом этди. Унда навоийшунос олимлар, тадқиқотчиларнинг бобокалонимиз ижодий меросининг турли жиҳатлари қамраб олинган маърузалари тингланди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn