«Бу неча иш бўлса муяссар санга...»
  • 08 Февраль 2017

«Бу неча иш бўлса муяссар санга...»

Алишер Навоий ўз асарларида ижтимоий-сиёсий қарашларини ифода этаркан, авваламбор, халқ ғами билан яшашни, давлатчилик асослари адолат пойдевори ила мустаҳкамланишини айтиб ўтади. Айниқса, давлат қурилишида хизматчиларнинг фидойилиги, садоқати, юртпарварлиги, халқ ҳолидан хабардорлиги каби муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратади. Бинобарин, давлатимиз раҳбари жамиятимиз ва мамлакатимиз ривожида халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари масаласи устувор аҳамият касб -этишини, одамларни рози қилиш, қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун кенг йўл очиб бериш зарурлигини таъкидлаётганида ҳам Навоийнинг буюк ғоялари акс этиб турибди, десак, айни ҳақиқат.

Давлат хизмати Навоий таъбирича, кишидан алоҳида хислат ва фазилатларни талаб этади. Шу боис давлат ишларини бажариш осон эмаслигини, ўзига яраша машаққати борлигини алоҳида кўрсатиб ўтади:

Гул кўринур, ёнида юз хори бор,

Бор эса бир айш минг озори бор...

Қалбингда халққа хизмат қилиш орзу иродаси етарли бўлмаса, деб мушоҳадаларини давом эттиради у, бу вазифадан четда турган афзал.

Бу билан Навоий давлат хизматида ўзини англаган, ҳалол, миллат фарзанди бўлган собит эътиқодли кишиларгина ишлай олишини таъкидламоқда. Шоирлар султони талқинига кўра, давлат хизматини адо этишда тўрт муҳим омилга эътибор бериш лозим.

Биринчидан, ният пок бўлиши, хизматга сидқидил билан ёндашиш керак, иккинчидан, хизмат вақтини аниқ билиш, хизматни адо қилиб, чарчоқ изҳор этиш эмас, яна хизмат қилишга соғиниб талпиниш жоиз. Учинчидан, ҳар хил гапларни айтиб юрмаслик, гап ташимаслик, у-бу кимсага “кўз солмаслик”, бирор айб учун дакки эшитган пайтингда ҳам одоб сақлашинг зарур. Тўртинчидан, ошиқча “тошиқлик”, яъни қизиққонлик ҳам давлат хизматида зарар келтиради. Агар мана шу жиҳатларга аҳамият бериб, давлат хизматини бажарсанг, юлдузинг балқиб, обрў орттирасан:

Бу неча иш бўлса муяссар санга,

Давлат ила ёруғай ахтар санга.

Ёлғон — кўплаб иллатларнинг онаси. Навоий чин сўзни айтиб бўлмайдиган “неча зарурат ичра қолғон чоғи”нгда ҳам тағин ёлғон айтмагин — “дема ёлғон доғи”, дея даъват этади.

Ёлғон сўз айтишга кўпинча манфаат, нафс мажбур қилади. Инсон нафсини жиловлай олмас экан, тама уни ёлғон ва фосиқликка ундайверади. Навоий, айниқса, давлат хизматида бўлган инсон тамадан узоқ бўлиши лозим, деб ҳисоблайди. Мансаб билан сийланган инсон нафсининг хархашасини бартараф этолган, давраларнинг тўрини эмас, пойгагини кўзлаб, -нафсини ўша пойгакда туришга ўргатиши даркор. Агар нафсидан ғолиб келолмас экан, бу ишни қўйсин. Навоий бу фикрларни ўз фаолияти мисолида рамзий ҳолда Бойқаро девонида муҳрдорликка тайинланган кезлари билан боғлаб баён қилади. Девондаги муҳрдор нафсини пойгакда сақлолмаса қўлидаги муҳрини синдиргани афзалдир, дейди:

Чун шикасти нафс ҳосил ўлмади,

Мундин ўлди муҳрни синдурмоғим.

Инсоний муносабатларда хушомад ва тавозе кўп учрайди. Аммо бу эҳтиромлар ҳам ўз ўрнида, меъёрида яхши. “Аҳли давлат”, айниқса, хушомад ва тавозени ўзидан узоқлаштиргани маъқул. Чунки кўпинча уларга тавозе қилаётган одам самимий эмас, манфаат илинжида шунга интилади. Киши хушомад ва тавозедан узоқ бўлиш хислатини ўзлаштирсагина комилликка эришади, дейди улуғ Навоий:

Тавозўъ яхши, аммо яхшироқдур,

Агар дабъ этса ани аҳли давлат.

Навоий фикрига кўра, жамиятда бадавлат кишилар қўли очиқ, саховатли бўлсаларгина обрў топадилар. Агар бахил бўлиб, хасислик қилсалар элнинг ҳурматидан мосуводирлар. Доно одам олам моҳиятини тўғри англайди. У, энг аввало, молу давлат дунёда муваққат эканини ҳис этади. Шу оддий ҳақиқатни тушунмай сарватга берилиш унинг доноликдан йироқлигини тезда ошкор қилиб қўяди. Умуман, олтину кумушга қўл чўзавериш кишининг қўлинигина эмас, кўнглини ҳам қорайтириб қўйиши ҳеч гап эмас.

Кўб олтун, кумуш сори 

қўл сўнмоғил,

Ки, тутсанг кафтинг 

қаро ранг этар...

Алишер Навоий сўз ва амал бирлигини комил инсоннинг фазилати, деб қабул қилган, ўзи ҳам шунга мувофиқ тарзда ҳаёт кечирган сахий зот эди. Хондамир ўзининг “Макорим ул-ахлоқ” асарида Навоий эл-улус учун ўз маблағидан кўплаб работлар, масжидлар, “Ихлосия”, “Шифоия”, “Низомия”, “Хусравия” каби мадрасаларни, ҳовузлар, кўприклар, ҳаммомлар ва бошқа иншоотларни барпо этганини, “Навоий сарватманд инсон бўлса-да, хайрли ишларни кўп қилганидан “моли нисобга етишга улгурмасди”, деб ёзади.

Кўриниб турибдики, Алишер Навоий нафақат ижодкор сифатида, балки Ватан равнақи, халқ фаровонлигининг жонкуяри, қалби қуёшдек саховатли инсон сифатида ҳам ибрат намунасидир. Чунончи, унинг жамият ва раият ўртасидаги муносабатлар тизими хусусидаги мушоҳадалари бугун ҳам ўз қадр-қиммати ва аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Амирқул КАРИМОВ,

Халқаро «Олтин мерос» 

хайрия жамоат фонди раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Абадиятга дахлдор мерос Бебаҳо мерос эъзози »