Абадиятга дахлдор мерос
  • 08 Февраль 2017

Абадиятга дахлдор мерос

Алишер Навоий миллий маънавиятимиз тимсоли, башарият бадиий тафаккури ривожига бемисл таъсир кўрсатган улкан ижодкор, халқимизнинг фахру ғуруридир. Унинг бебаҳо мероси эса абадиятга дахлдор мунаввар хазина. Истиқлол Навоийни тақиқларсиз, -чекловларсиз ўрганиш, уни теран англаш, қалбимизни унинг ҳикматлари билан янада обод -айлаш имкониятини яратди.

Чорак аср давомида улуғ мутафаккир қолдирган бой меросни ўрганиш учун юзлаб илмий тадқиқотлар амалга оширилди, шоирнинг китоблари қайта-қайта нашр этилди. Жумладан, 20 ва 10 жилдли асарлари ўқувчилар қўлига етиб борди. Бу ҳақда кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган тадбирда батафсил сўз юритилди. 

Айтиш жоизки, уюшма томонидан ҳам ўтган йили Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги муносабати билан бир қатор китоблар  чоп қилинди. Хусусан, “Ҳазрат Навоийга эҳтиром” мажмуасига (Навоийга бағишланган шеърлар ва мухаммаслар тўплами)  ҳозирги замон адабиёти вакиллари, шунингдек, ёш ижодкорларнинг улуғ шоирга эҳтироми акс этган шеъру достонлари, мухаммаслари тўпланган бўлса, яна бир нашрда “Хазойин ул-маоний” сарлавҳаси остида сара ғазаллар жамланган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Ижод” жамоат фонди томонидан буюк мутафаккирнинг “Хазойин ул-маоний” асарини жаҳоннинг ўн тўрт тилида нашр этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унинг доирасида “Хазойин ул-маоний” илк бор рус тилида “Сокровищница мыслей” деб номланган тўплам ҳолида нашр қилинди. Ушбу тўплам филология фанлари номзоди К. Панченко томонидан тузилди. Атоқли адиб Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг “Навоий” романида Алишер Навоий ҳаёти ва ижод йўли, ўша даврдаги ижтимоий ва сиёсий ҳаёт ўзига хос усулда акс эттирилган. Уюшма томонидан ушбу асарни бошқа хорижий тилларга таржима қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Навоий” романи И. Тўхтасинов ва О. Мўминов томонидан инглиз тилига ўгирилиб, нашр қилинди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn