«Хулқ ила олам элини шод қил»
  • 04 Февраль 2017

«Хулқ ила олам элини шод қил»

Истиқлол шарофати, давлатимиз ва фидойи халқимиз саъй-ҳаракати туфайли маънавий меросимиз, жумладан, улуғ бобокалонимиз Алишер Навоийнинг фаолияти ҳамда ижодини ўрганишга эътибор кучайди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Навоий -даҳосига юксак баҳо бериб, шундай деган эдилар: “Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади. Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз”.

Навоий ўз фаолиятини, жумладан, адабий ижодини миллатнинг ривожига, унинг -келажаги порлоқ бўлишига қаратди. У асарларида ўзининг фалсафий қарашларини -талқин этиш билан бирга, ахлоқий мавзулар, жамият ҳақидаги сиёсий, ижтимоий фикрларини ўртага ташлади. 

Алишер Навоийнинг ижтимоий-сиёсий қарашларининг марказий ғоясини адолат ташкил этади, десак, янглишмаймиз. Чунки олам уйининг ободлиги, жамият ҳаётининг фаровонлиги адолат асосига қурилади. Навоий асарларида “адолат” сўзидан кўра “адл” сўзи кўпроқ қўлланган. Бу икки сўз маънодош бўлиб, ҳозирги кунда аксинча, “адл” сўзидан кўра “адолат” сўзи кўпроқ ишлатилади. 

Навоий адолатли, инсофли бўлиш талабини, биринчи навбатда, ўзига қўяди. Хусусан, “Лисон ут-тайр” асарининг муножот қисмида шундай дейди:

Адлу эҳсонингға хос этгил мени,

Нафси золимдин халос этгил мени.

Ҳақни ноҳақдан, чинни ёлғондан ажратиш адолатнинг муҳим шартларидан бири -эканлигини назарда тутиб, 

Ҳақни ботилдин бировким қилди фарқ,

Адли бирла равшан этти ғарбу шарқ, — 

дейди Навоий. 

Адолат қилишнинг қанчалик эзгу амал, савобли иш эканлигини Навоий қуйидаги байтда юксак бадиий маҳорат билан ифодалаб берган:

Ки, адл ичра ўтганга бир соати,

Эрур беҳки, жинну башар тоати. 

(“Садди Искандарий”)

Яъни бир соатлик адолат инсон ва жинларнинг тоат-ибодатидан афзалроқдир. Ёки:

Ҳамул адлким тутти сендин вужуд,

Гуноҳинг бағишланди буду набуд. 

(“Садди Искандарий”)

Яъни агар сенинг томонингдан адолат содир этилса, қилган ва қилмаган гуноҳларинг кечирилади. 

Ҳазратнинг “Назм ул-жавоҳир” асарида қуйидаги рубоий келтирилган:

Адл айлаки, ул халқ ҳаёти бўлмиш,

Хуш ул кишиким, адл сифоти бўлмиш,

Ҳам мулк била адл жиҳоти бўлмиш,

Ҳам адл била мулк саботи бўлмиш. 

Яъни адолат қилгинки, бу халқ ҳаётининг мазмунига айланиб, турмуши фаровон бўлсин, адолат кимнинг сифати бўлса, у яхши инсондир, мамлакатда адолат устун бўлса, адолат билан мамлакат мустаҳкам бўлади.

Алишер Навоий адолат, диёнат ва инсоф каби юксак қадриятларни ўз асарларида -тарғиб қилиш билангина чекланмаган, балки ўзининг бутун умри давомида адолат билан иш кўрган. Бу ҳақда Навоийга замондош бўлган кўплаб тарихнавислар ўз асарларида маълумотлар берганлар. Хусусан, 

XV-XVI асрларда яшаб ўтган машҳур тарихнавис ўиёсиддин Хондамир ўзининг “Макорим ул-ахлоқ”, яъни “Яхши хулқлар” асарида Алишер Навоий ҳақида шундай дейди:

“Ул ҳидоят ва иқбол осмонининг қуёши болаликдан катта бўлгунча дунёдан енг -силкиган, ўткинчи дунё молига муҳаббатнинг заррасини ҳам этагига юқтирмаган, -талабгор нафсни қийин ва чидаб бўлмайдиган ишларни бажаришга маъмур қилган, ҳавою ҳавас оти жиловини риёзат билагининг кучи билан тортиб турган... Мамлакат жилови Султон Ҳусайн Бойқаронинг қўлига ўтгандан кейин, ул зотнинг ота-боболари бу подшоҳ яқинлари жумласидан бўлганликлари учун, ул ҳазратни назарлари остига олиб, олий мансабларни қабул қилиш ва давлатни идора қилиш ишларига таклиф қилди. Ҳидоят йўлидаги Амир Алишернинг шариф хотири фақр ва фано йўлини ушлашга мойил бўлганлигидан, ҳарчанд бу каби машғулотга киришишдан бош тортса ҳам, Султони соҳибқирон қаттиқ қисташни орттира берди ва “Дунё ишини тартибга солиш ва давлат ишини бажариш сенинг раъйингга қаратиб қўйилган. Сенинг қарорсиз қаламингдан мамлакат барқарор бўлади”, деган сўзларни айтди. Навоий амирлик тахтини ва ҳукумат маснадини ўзининг муборак қадами билан зийнатлади ва жабру жафога чек қўйиб, адолат ва инсоф эшикларини инсоният юзига очиб қўйди.

Бир куни Амир Алишер Фасиҳиддин Соҳиб билан шахмат ўйнамоқда эди. Шу пайтда Амир Бурҳониддин Атоулло кириб келди. Навоий кўнгил сўраш йўли билан, қаердан ташриф буюрдилар ва нима ишлари бор, деб сўради.

У ҳар куни шаҳардан Ихлосия мадрасасига қатнашдан қутулиш учун унинг атрофидан уч минг динорга ҳовли олмоқчи бўлганини, бироқ бир амалдор ўртага тушиб, устига бир оз қўшганини, сотувчи эса жойни унга сотмоқчи эканлигини ва Навоийнинг -мулозимлари унга ҳовлини сотиб олишдан воз кечиши ва Атоуллога қолдириши тўғрисида бир қоғоз ёзиб беришларини сўрайди.

Алишер бу сўзларга жавоб бермай, шахмат ўйнашни давом эттирди. Арзга келган киши ташвишланиб, бу илтимосим олийҳазрат кўнглига оғир тушди, деб гумон қилди. Шахмат ўйини тамом бўлгач, Навоий у зотга хитоб қилиб, “Агар фақир майдони кенг, иморати кўп, ҳавоси гўзал ва суви ширин, мадрасага яқин ҳовлини сизга тортиқ қилса муносиброқ бўладими ёки ўша ўзингиз айтган ҳовлини олиб беришга ҳаракат қилинсинми?” деди. У жаноб бу сўзни эшитиб хурсанд бўлиб кетди.

Ўша вақтларда улуғ мартабали Мавлоно Муҳаммад Муиннинг ҳовлиси Амир Алишер девонига тааллуқдор бўлган эди. Ҳақиқатан, кўнгил очар ва хушҳаво бир жой эди, ўша жойни у жанобга инъом қилиб, мақсадини ҳосил қилди.

Демак, Навоий адолатпарварликни фаол тарғиб қилиш билан бир қаторда, ўзларининг адолатпешаликлари билан ҳам бошқаларга ўрнак бўлган экан.

Биз яшаётган юрт келажаги, халқимизнинг фаровон турмуш кечириши, тинчлик ва осудаликни сақлаш мақсадида бугун жамият ҳаётининг барча соҳасида адолат қарор топмоқда. Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат идораларининг халққа хизмат қилиши лозимлигини ҳар доим таъкидлаб, бу борада амалий ташаббус кўрсатмоқда. Бундай хайрли ҳаракатлар фуқароларимизни қонунларга итоат этиш, масъул раҳбарлар, давлат хизматчиларининг қонунлар ижросини таъминлаш борасида фаол бўлишларини талаб қилади. Зеро, адолат қонун устуворлигидадир. Энг муҳими, мазкур масалада келажагимиз пойдевори бўлган ёшларимизга, аввало, ўзимиз ўрнак бўлмоғимиз лозим, токи улар адолатнинг, албатта, тантана қилишини, ундан ўзлари ва ўзгалар учун мислсиз манфаат ҳамда фойда ҳосил бўлишини ёдда тутиб, Навоийнинг ушбу сўзларини -дилларига тугишлари айни муддаодир:

Адл ила олам юзини обод қил,

Хулқ ила олам элини шод қил.

Муҳиббек РУСТАМОВ,

филология фанлари номзоди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn