«Улуғ муддао берса...»
  • 03 Февраль 2017

«Улуғ муддао берса...»

“Ҳайрат ул-аброр”да  Навоий Яратганга мурожаат этиб:

Айла Навоийни бурун одамий,

Ким бўла олғай бу ҳарам маҳрами,

деб ёзади. Чунки Навоий инсонни олам ичидаги олам (“олами суғро”), табиатдаги энг ноёб гул (“ризвон гули”) сифатида улуғлайди. Инсонни ижтимоий-сиёсий ҳамда ахлоқий йўналишда кашф этишга интилади. Одамийлик инсон маънавий камолотининг энг юқори нуқтасидир. Инсонда одамийлик юксак бўлса, у ҳар қандай шароитда пастлашмайди, худбинликка берилмайди, қўрқмайди, доим Ватанини асрайди ва обод қилади, дея уқтиради мутафаккир.

Хондамир “Макорим ул-ахлоқ” асарида ҳикоя қилишича, Ҳусайн Бойқаро Хоразм вилоятидаги ерларни обод этиш учун Хуросондан уч минг хонадонни кўчирмоқчи бўлиб, буйруқ чиқаради. Лекин одамларга ўз туғилган ерларини ташлаб кетиш оғир эди. Навоий ўн бир марта мурожаат қилиб, ҳукмдорни бу ишдан қайтаришга уринади. Шунда Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийнинг эзгу ниятини тушуниб, кўчириладиган одамларнинг миқдорини камайтириш хусусида амр этади. Навоийнинг “Вақфия”да келтирган қуйидаги фикрлари бунга ёрқин далилдир: “...ул ҳазратнинг қуллуғин иртикоб қилурда ҳеч наъв ўз ғараз ва маслаҳатим мутасаввар эрмас эрди... Нафсоният боғида орзу ниҳолин интиқоъ илиги била қўнгариб, амал мазраида таваққуъ хирманин фақр ўти била куйдириб, ул хирман кулларини фано елига совурдим.

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,

То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас.

То зулму ситам жониға бедод ўлмас,

Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас”.

Улуғ мутафаккирнинг қарашича, жамиятда инсон қадр-қиммати, аввало, унинг ўз касбига ҳалол ёндашуви билан белгиланади. Деҳқон ерга яхши ишлов бермаса, боғбон ўз касбини пухта эгалламаса, дарахтларини яхши кўкартира олмаса, ҳунарманд ҳунарини элга кўрсата олмаса, хаттот китобларни хато билан кўчирса, муаллим (“мактабдор”) “бегуноҳ маъсумларга жафокорлиғ” қилаверса, савдогарлар халқни алдайверса, фаровонликка эришиб бўлмайди. 

Навоийнинг таъбирича, халқ ичида улуғлардан бошқа оддий одамларгача, ҳарбий хизматчилар ичида амирлик ўрнида базм тузганлардан хорлик жун тўнини кийиб, ожиз ўлтурганларгача, халқ ичида дала-даштни омон экинзори сингари кўкартириб, бойлик маҳсулларини ҳосил қилгандек осмондек икки букилиб,  машоқ териб, кечгача тирикчилигига етгулик, Ҳулкар юлдузидек бир ҳовуч дон терганларгача, чорвадорлар ичида бойлик даласида ҳар сурук қўйдан йилда ҳамалдек минг қўзи олиб, унга қаноат қилмаганлардан тортиб, йўқсиллик дараларида қўй боқиб, йилда жадийдек беш эчки ҳақ олганидан шукр қилганларгача, бу нотавонга иши тушмаган одам оз топилади. Олиҳиммат Алишер буларга ёрдам қўлини чўзади, ҳожатини раво қилади, аммо ҳақ тилаб, миннат қилмайди. Миннатдорчилик билдириб, иш ҳақи учун бирор нарса тутганларида қабул қилмайди. Чунки “элдин унга гарчи заҳмат йўқ эди”. 

Навоий яшаган даврнинг энг муҳим ютуғи шундаки, мамлакатда унинг ёрдами билан илм-фан, адабиёт, санъат ривожланиб, бу соҳаларда юксак истеъдод соҳиблари камол топди. Абдуқодир Ноий, Ҳусайн Удий, Шоҳқули ўижжакий, Дарвеш Аҳмад Қонуний каби мусиқа арбоблари, Султон Али Машҳадий, Абдужамил Котиб, Султон Али Коиний, Дарвеш Муҳаммад Тоқий, Абдулло Марварид каби хаттотлар, Беҳзод, Мирак Наққош, Шоҳ Музаффар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Қосим Али Чеҳракушо, Муҳаммад Наққош каби рассом ва наққошлар маънавият оламининг сўнмас юлдузлари бўлиб, тарихдан ўрин олдилар.

Навоий ўзига тегишли ерларда экин экиб, ҳосил олувчилар, ўзининг чорва молларини, қўйларини боқувчи чорвадорлар, боғбонлар, дўкондорлар ва бошқа касб эгалари, уларнинг ишбошилари билан тез-тез кўришиб, маслаҳатлашиб, йўл-йўриқ кўрсатиб турган. Навоий ўз ерларида ишловчиларга умумий кўрсатмалар бериш билангина чекланмасдан, хусусан, -деҳқончилик масалалари билан яқиндан, ишнинг кўзини билиб шуғулланган. Унинг бундай ишларини Ҳусайн Бойқаро ҳам маъқуллаган. Бу тўғрида Навоий “Вақфия”да ёзади: “...у ҳазрат (Ҳусайн Бойқаро)нинг буйруғи  билан ва таклифи сабабли маош экинзори қуруқ қолмасин, деб бир оз деҳқончилик билан шуғулландим. Ва ишим, шариат томони риоя этилгани ва инсоф тарафи лозим кўрганича бўлгани учун, Тангри инояти билан кўп маҳсуллар ҳосил бўлди”.  Навоий қайси ерни қўлга киритса, уни обод этишга ҳаракат қилган, яхши уйлар қурган, дарахтлар ўтқазган, боғу роғлар, гулзорлар яратган.

Бобур Навоийнинг қоғоз ишлаб чиқариш корхонаси (“қоғоз жувози”) бўлганини, Ҳиротга ташриф буюрганида уни махсус бориб кўрганини ёзади. Шунинг учун Бобурнинг Навоий қурилишлари тўғрисида “Мунча бинойи хайрким, ул қилди, кам киши мундоққа муваффақ бўлмиш бўлғай”, деб ёзганида катта ҳақиқат бор эди.  

Навоийнинг бизга, халққа айтадиган гаплари эса кўп эди. Шоир ўз кўнглида яхши ниятлари борлигидан ўзини ниҳоятда бахтиёр ҳисоблар ва бир умр ана шу ўйлаганларини ўзига сиғдира оладиган катта асарни ёзишга киришиш имконини кутиб юрар, шундай катта мақсадлар билан яшашни бахт, деб билар, ўз муддаоларининг амалга ошишига умид қилиб яшарди:

Улуғ комлардин эдим бахтиёр,

Ки йўқ эрди анда манга ихтиёр.

Не тонг бўлса, кўпдин-кўп ар қайғулуқ,

Таъма бўлса, кимга улуғдин-улуғ.

Ва лекин не ғам,Тенгри айлаб карам,

Улуғ муддао берса, мақсуд ҳам.

Шоир ва давлат арбоби Навоий биз учун фақат юксак бадиий қимматга эга бадиий асарлари билангина эмас, балки мазмундор фаолияти, юксак инсоний фазилатлари, амалий ибрати билан ҳам ҳамиша ўрнак бўла олади. 

Назора БЕКОВА, 

Бухоро давлат университети доценти.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn