Ёш истеъдодларни кашф этган ҳафталик
  • 26 Апрель 2014

Ёш истеъдодларни кашф этган ҳафталик

Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тасвирий санъат фестивали ниҳоясига етди.

Соғлом бола  йилига бағишланган ушбу фестивалда нафақат юртимиз, балки бир қатор хорижий давлатлардан ҳам мўйқалам усталари, ҳайкалтарошлар, шунингдек, ёш истеъдод соҳиблари ўз ижодий ишлари билан қатнашди. 
Эътироф этиш керакки, миллий ва амалий санъатимиз равнақига ҳисса қўшаётган бундай тадбирлар юртимизда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорларини намоён қилишга ва рағбатлантиришга қаратилган кенг қамровли  ислоҳотлар натижасидир.
Миллий қадрият ҳамда анъаналаримизни эъзозлаш, ёш ижодкорларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган ушбу ҳафталик мусаввирлар, уста ва ҳунармандлар, санъатшунослар ҳамда ёш ижодкорлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ва янада мустаҳкамлашга, истеъдод соҳибларининг бадиий санъат сирларини пухта эгаллашига хизмат қилмоқда. Беш кун давомида пойтахтимиз ҳамда вилоятлардаги энг гўзал санъат ва маданият кошоналарида фестиваль қатнашчиларининг бири-биридан ранг-баранг ва қатор мавзуларни қамраб олган рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик сингари йўналишдаги асарлари санъат ихлосмандлари ҳукмига ҳавола қилинди. Шунингдек, Камолиддин Беҳзод мемориал боғ-музейида Япония санъат ҳафталиги ҳам бўлиб ўтди.
Тадбир давомида тасвирий ва амалий санъатимизнинг таниқли вакиллари ҳамда хорижлик мутахассислар иштирокида “Маҳорат сабоқлари”, давра суҳбатлари, шунингдек, илмий-амалий конференциялар ўтказилди.
— “Санъат ҳафталиги”да илк бор қатнашишим, — дейди Республика дизайн коллежи ўқувчиси Муслима Омонуллаева. — Устозлардан сабоқлар олиш, ижоди билан танишиш ҳар қандай ёш мусаввирни юксакликка интилишга, изланишга, ўз устида мунтазам ишлашга ундайди. Ушбу тадбирдаги иштироким  ўзимга бўлган ишончни оширди.
Якунда фестивалнинг  ғолиб ва совриндорлари аниқланди. Нуфузли танлов ҳайъати қарори билан тадбирда муваффақиятли иштирок этган ёш рассомлар, дизайнерлар, ҳайкалтарошлар, амалий санъатнинг бошқа турлари усталари, санъатга йўналтирилган ўқув муассасаларига Бадиий академиянинг 13 та олтин, 18 та кумуш медаллари ҳамда диплом, фахрий ёрлиқ ва сертификатлари топширилди.

Моҳира АДИЗОВА,
санъатшунос.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn