Ибрат ва эзгулик мактаби
  • 24 Апрель 2014

Ибрат ва эзгулик мактаби

Яхшилик, эзгулик, меҳр-мурувват — қалби гўзал кишиларнинг аъмоли. Бинобарин, адаб — маърифат ва маданият бешиги. Унда ўзини топган борки, адашмайди, улкан ишларга қодир бўлади, халқим деб яшайди.

Шу маънода айтадиган бўлсак, Президентимиз раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ туб мазмун-моҳияти билан инсон манфаатларига хизмат қилувчи ислоҳотларнинг амалга оширилиши туфайли мамлакатимизнинг маънавий ҳаётидаги асл илдизлари янада мустаҳкамланиб, теран моҳият касб этди. Президентимизнинг “Ўзбек Миллий академик драма театрининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ҳам санъат, маданият, маърифат ва маънавият масаласи давлатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг муҳим ҳамда ажралмас қисми эканлигини ифодалайди.
—    Давлатимиз раҳбарининг Ватанимиз фахрига айланган, юртимиз санъатининг дунё узра довруқ қозонишига муносиб ҳисса қўшган театримизнинг 100 йиллигини нишонлаш борасидаги қарори бизни беҳад хурсанд қилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Рихси Иброҳимова. — Негаки, ушбу ҳужжатда таъкидланганидек, театримизнинг нафақат мамлакатимиз, балки Ўрта Осиё минтақасида профессионал театр санъатига асос солиш ва уни ривожлантириш, халқимизнинг бой маданий мероси ҳамда анъаналарини асраб-авайлаш, юртдошларимиз, айниқса, ёш авлодни миллий, умумбашарий қадриятлар, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида камол топтиришдаги ўрни беқиёс. Шу маънода, биз Президентимизнинг доимий эътиборидан ниҳоятда мамнунмиз. Бундай эъзозни чуқур ҳис этамиз ҳамда дилдан қадрлаймиз.
— Ушбу қарор юртимизда санъатга, маданиятга алоҳида эътибор қаратилаётганининг яна бир ёрқин далилидир, — дейди Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Саидкомил Умаров. — Айни пайтда, қарорга кўра, бу ерда янада кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, маънавий-маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, театр биноси таъмирланмоқда, “Ўзбек Миллий академик драма театри” китоб-альбомини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, ҳужжатли фильм яратишга ҳозирлик кўрилмоқда. Шунингдек,   Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрида, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда театр фаолиятига бағишланган учрашувлар ташкил этилаяпти.
Чунки театрда мустақиллик йилларида истиқлол, Ватанни тараннум этувчи қатор спектакллар яратилди. “Алишер Навоий”, “Мирзо Улуғбек”, “Пири коинот” каби асарлар қўйилиб, томошабин эътиборини қозонди. Кейинги йилларда саҳналаштирилган  “Дарахтлар тик туриб жон беради”, “Талваса”, “Умр шомидаги бахт”, “Ҳасрат боғи”, “Бир қанотлилар”, “Тортадурман жабрини”, “Ўзбекча рақс” ҳамда шу  каби қатор асарлар ҳам санъат ихлосмандлари қалбидан жой олиб улгурди.
— Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман, нуфузли санъат анжуманларида қатнашганман. Лекин ҳеч бир юртда санъатга Ўзбекистондагидек юксак эътибор қаратилишини кўрмаганман, — дейди мазкур театр директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Маҳмуд Исмоилов. — Хориждан келувчи меҳмонлар ҳам юртимизда бу борада амалга оширилаётган эзгу ташаббусларга гувоҳ бўлиб ҳайратланишади. Бундай ғамхўрлик, табиийки, нафақат истеъдодларни кашф этишда, шу билан бирга, томошабинни ўйлашга, мушоҳада юритишга ундайдиган саҳна асарларини яратишда биз учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Биласиз, Президентимиз 2010 йилнинг 30 август куни Бухоро вилоятига ташриф буюриб, сафар чоғида вилоят театрига ҳам бордилар. Ўшанда давлат раҳбари ёшларимизни тўғри йўлга бошлашда фақат панду насиҳат  билан кифояланмасликни, эзгуликни, юртпарварликни, инсоний фазилатларни камол топтиришга хизмат қиладиган амалий ишлар кераклигини уқтириб, бу борада театр муҳим тарбия ўчоғи эканлигини таъкидлагандилар. Ана шу кўрсатмалар асосида давр билан ҳамнафас яшаётган, ҳаёт синовларида тобланган фидойи инсонлар ҳақида ҳикоя қилувчи  асарларни саҳналаштиришга ҳаракат қилаяпмиз. Бунинг учун эса барча шарт-шароит, имконият яратиб берилмоқда. Шундай экан, эҳтиром ва эъзозга жавобан фарзандларимизнинг маънавий дунёсини мустаҳкамлайдиган, уларнинг келажакка ишончини оширадиган, ориятини кучайтирадиган қаҳрамонлар сиймосини яратиш жамоамизга катта масъулият юклайди.
Таъкидлаш жоизки, истиқлол йилларида театр санъатини ривожлантириш борасида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида нафақат миллий театримиз, шунингдек, қирққа яқин театр учун замонавий бинолар барпо этиш, мавжудларини капитал реконструкция қилиш, зарур саҳна, мебель, техника воситалари билан таъминлашга эришилди. Қолаверса, ижодкорлар меҳнатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Худди шунингдек, бу борада бир қатор ижодий ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган  ёш драматурглар, режиссёрларнинг “Дебют” кўрик-фестивали, “Сени куйлаймиз, замондош!” ижодий танловлари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бундай санъат анжуманларида юртимиз ва хорижлик саҳна санъати ижодкорларининг ўзаро мулоқоти, фикр ва тажриба алмашиши ижодий ҳамкорликни тобора кенгайтираётир.
Давлатимиз раҳбарининг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида айни  пайтда театр санъатида бугунги ҳаётимизни, замонамиз қаҳрамонлари қиёфасини ҳар томонлама чуқур очиб берадиган, томошабинни ўзига тортадиган, ҳам драматургия, ҳам режиссура нуқтаи назаридан бадиий юксак асарларга эҳтиёж борлиги алоҳида қайд этилган.
Дарҳақиқат, юксак бадиият ва ҳаққонийлик, эзгу мақсадларга хизмат қилиш руҳи билан суғорилган асарлар яратиш — бошқа санъат турлари каби театр соҳаси учун ҳам асосий мезондир. Кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор бундай эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда алоҳида аҳамият касб этади, деб ўйлаймиз.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Она Ватан куйчиси Ижод ва замон муҳри »