«Тошкент қувончлари»
  • 20 Декабрь 2016

«Тошкент қувончлари»

Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида “Тошкент қувончлари” VI Халқаро болалар расмлари биенналеси бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Ташқи ишлар, Халқ таълими вазирликлари, Бадиий академия, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамкорлигида уюштирилган ушбу тадбирнинг очилишида мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, мусаввирлар, ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Бадиий академия тасарруфида 12 та махсус санъат мактаби мавжуд бўлиб, улар замонавий биноларда фаолият кўрсатмоқда. Ўтказилаётган ижодий лойиҳалар, кўргазмалар, тасвирий санъат ҳафталиклари ўғил-қизларнинг истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилаяпти. 2006 йилдан буён ташкил этиб келинаётган “Тошкент қувончлари” халқаро биенналеси ҳам фарзандларимизни рағбатлантириш, ёшларни тенгдошлари ижоди билан яқиндан таништириш, уларнинг дўстлигини мустаҳкамлашга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.
Болалар дунёси ўзгача, соф ва беғубор. Бинобарин, улар чизган тасвирларда табиат, қувонч ва табассум, оилага бўлган меҳр акс эттирилган. Бу бежиз эмас. Зеро, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган эзгу  ишлар замирида фарзандларимизнинг бахту иқболи, уларнинг ёруғ келажагини таъминлаш мақсади мужассам.
Бу йилги кўргазмада юртимизнинг 5 ёшдан 15 ёшгача бўлган ижодкорлари билан бирга, Хитой, Бельгия, Россия, Қозоғистон, Малайзия, Латвия, Ҳиндистон, Руминия, Франция сингари ўттизга яқин хорижий давлатлар иқтидорли болаларининг расмлари намойиш этилмоқда. Эътиборли томони шундаки, ушбу тадбирда илк бор  Афғонистон, -Исроил, АҚШлик ўғил-қизлар ҳам қатнашмоқда. Ижодий ишлар “Болалик дунёси”, “Менинг Ватаним”, “Мен яшаётган дунё”, “Менинг орзуим”, “Мен билган Ўзбекистон” сингари мавзулар бўйича намойиш этилаётир.
Тадбир доирасида ёш мўйқалам соҳиблари учун моҳир мусаввирларнинг маҳорат сабоқлари ҳам ўтказилади.
“Тошкент қувончлари” халқаро биенналесининг очилишида эстрада хонандалари ҳамда болалар бадиий жамоаларининг концерти намойиш этилди.


Мавжуда ХОЛМАТОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn