Соз сеҳри
  • 14 Декабрь 2016

Соз сеҳри

Ҳунармандчилик ривожида унутилаётган айрим турларининг қайта тикланиб, замонавий усуллар асосида сайқал берилаётгани, шу аснода нодир осориатиқалар яратилаётгани катта ўрин тутади.

Хусусан, Андижон вилоятидаги “ўижжаки Бобурий” хусусий корхонаси фаолиятига нафақат маҳаллий аҳоли, балки чет эллик меҳмонлар ҳам қизиқиш билан қарайди. Негаки, мазкур тадбиркорлик субъекти томонидан тайёрланаётган мусиқий чолғу асбоблари ўзига хослиги ва сифатлилиги билан ажралиб туради.

— Айни пайтда Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон сингари давлатлардан буюртмалар қабул қилаяпмиз, — дейди корхона раҳбари Абдумалик Мадраимов. — Бу эса ишимизни янада кенгайтириши баробарида, ташқи бозорларга чиқиш имкониятимизни ошираётир.

Мустақиллик тенгдоши бўлган ушбу корхонада дастлабки пайтларда уч турдаги чолғу асбоблари ясалар эди. Жамоанинг қадимги мусиқа асбобларини қайта тиклаш, уларни такомиллаштириш борасида олиб борган изланишлари туфайли бугунги кунга келиб, маҳсулотлар тури 35 тадан ошди. Улар дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларига сотилаётгани эса алоҳида диққатга сазовор.

Корхона бундан икки йил муқаддам Хитойдан келтирилган 1 миллиард сўм қийматидаги замонавий дастгоҳлар билан таъминлангач, фаолияти янада кенгайди. Яъни Европа чолғу асбоблари, шу жумладан, скрипканинг бешта турини тайёрлаш ўзлаштирилди.

Бундан ташқари, жорий йилда республикамиздаги 23 та мусиқа ва санъат мактабига 280 миллион сўмлик мусиқа асбоблари етказиб берилди. Жамоа ҳозирги натижалар билан чекланиб қолмасдан янги лойиҳалар устида иш олиб бораётир. Зеро, бундай ташаббус янги тармоқларни йўлга қўйишда қўл келаяпти. Яқинда мебель жиҳозлари ишлаб -чиқаришга киришилгани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Уста-ҳунарманд Абдумалик Мадраимов сингари юртдошларимизнинг меҳнати маҳсули ўлароқ, бугунги кунда бозорларимиз расталари санъат асарлари даражасидаги турфа хилдаги маҳсулотлар билан тўла. Уларни яратиш кишидан алоҳида истеъдод, бой тажриба талаб этади, албатта. Аммо маҳорат йиллар давомида қилинган астойдил меҳнат эвазига сайқал топади. Қувонарлиси, корхона жамоасининг ҳар бир аъзоси буни чуқур англаган ҳолда, ўз ишига бор меҳри, қалб қўрини бахшида этиб меҳнат қилмоқда. Бу эса янги муваффақиятлар сари кенг йўл очаяпти.

Дарҳақиқат, 30 нафар кишидан таркиб топган жамоанинг келгуси режалари кўп. Улар шу кунларда келтирилиши кўзда тутилаётган янги технологик линия ёрдамида бир қанча мусиқий асбоблар ҳамда кўплаб рўзғор буюмлари тайёрлашни маҳаллийлаштиришга аҳд қилишган.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

(Муаллиф олган сурат).

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn