Китоб — юксак маънавият манбаи
  • 10 Декабрь 2016

Китоб — юксак маънавият манбаи

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев ёш авлод таълим-тарбиясида китобнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканини алоҳида таъкидлаб ўтган эди. Жумладан, “Айни вақтда ахборот-коммуникация соҳасидаги охирги ютуқларни ўзлаштириш билан бирга, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади”, дея айтган фикрлари эртамиз эгаларини комил инсон қилиб вояга етказиш йўлидаги ғамхўрликнинг яққол ифодасидир.

Бу ҳақда давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳам алоҳида тўхталгани юртдошларимиз томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди.

Бинобарин, мамлакатимизда истиқлол йилларида навқирон авлодни баркамол этиб тарбиялаш, улар қалбида Ватанга садоқат, қадриятларга чуқур ҳурмат туйғусини сингдиришга катта аҳамият бериб келинмоқда. Бугун юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам қад ростлаган муҳташам ўқув масканлари, замонавий технологиялар ўсиб келаётган ўғил-қизларимиз тақдирида қанчалик муҳим ўрин тутса, китобга дўст бўлиш, мутолаага ошно тутиниш ҳам шу қадар долзарбдир. Шу боис ҳар қандай даврда китобнинг мавқеи йўқолмайди, аксинча, ортиб бораверади.

Тарихий манбалардан маълумки, Абу Али ибн Сино ўн беш ёшидаёқ илм-фан соҳасида довруқ қозонган, Амир Темур саркарда сифатида танилганда ҳали ўттизга ҳам кирмаган эди. Мирзо Улуғбек ўз даврининг етук олими сифатида обрў-эътиборга эришганида ўн беш ёшда бўлса, шоирлар султони Алишер Навоий Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарини ўқишга киришганида, атиги олти-етти ёшлардаги бола бўлган.

Улуғ бобокалонларимизнинг таржимаи ҳолига оид бундай ҳайратомуз хислатлар ҳар биримизга ифтихор бахш этиши, шубҳасиз. Табиийки, уларнинг бу даражага эришишида илму маърифат, китобга бўлган муҳаббати беқиёс роль ўйнаган.

2011 йили пойтахтимизда шаҳарсозлик маданиятининг ноёб намунаси — “Маърифат маркази” бунёд этилиб, ундан Алишер -Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг жой олиши буюк мутафаккир бобомизга бугунги авлодларнинг юксак эҳтироми намунаси бўлди. Марказий Осиёдаги энг йирик ахборот ва маданият маркази бўлган Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ушбу интеллектуал бойликнинг ноёб хазинасидир.

2012 йил 20 мартдаги “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси — ахборот-ресурс маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, кутубхона тузилмаси янгиланди, унинг бўлимлари ва хизмат кўрсатиш иши такомиллаштирилиб, вазифалар кўлами кенгайтирилди. 

Кутубхонада жаҳон талабларига жавоб берадиган автоматлаштирилган ахборот-кутубхона тизими, нашриёт-матбаа ҳамда нусха кўчириш ускуналари ўрнатилган. Интерактив китоб қурилмасидаги электрон саҳифани варақлаш учун мониторга бармоқ билан таъсир этиш кифоя. Шу тарзда сенсорли киоск орқали мазкур кутубхона, қадимий шаҳарларимиз ва улуғ алломаларимиз ҳаёти ҳақида маълумот олиш, китобга буюртма бериш мумкин. 

Кутубхона музейида ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар фондидан намуналар намойишга қўйилган. Алишер Навоийнинг “Хамса”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Лисон ут-тайр” асарлари, “Девон”ининг хаттотлар томонидан кўчирилган қўлёзмалари шулар жумласидандир.

Кутубхонанинг болалар хонасида етти ёшгача бўлган ўғил-қизлар учун турли ўйинчоқлар, аквариум, ўқув қуроллари, эртак китоблар мавжуд. Ота-оналар мутолаа қилгунча, бу ерда болаларга қараб турилади. Кинозалда мустақиллик йилларида халқимиз эришган ютуқлар, улуғ алломаларимиз, қадимий шаҳарларимиз ҳақидаги кинофильмлар намойиш этилмоқда.

Бинода бепул Wi-Fi тизими ишлаб турибди. Ҳар куни мингдан ортиқ киши бу ерда глобал ахборот тармоғидан фойдаланмоқда.

Бугунги кунда кутубхона фонди қарийб 7 миллион нусхани ташкил этади. Ўтган вақт мобайнида у салкам 350 минг электрон нусхадаги янги адабиётлар билан бойитилди. Бу ерда тўпланган алоҳида қимматга эга китоблар, нодир қўлёзмалар, қадимий нашрлар кутубхонанинг бебаҳо хазинаси ҳисобланади. Фондда буюк мутафаккирларимизнинг XI ва ундан кейинги асрларга оид қўлёзмалари, XVI — XIX асрларда дунёнинг кўплаб тилларида чоп этилган китоблар сақланмоқда.

Ҳаётимизнинг барча жабҳасида кенг қўлланилаётган ахборот-коммуникация технологиялари кутубхона фойдаланувчилари учун ҳам беқиёс имкониятлар яратмоқда. Уларнинг эҳтиёжи ва халқаро тажриба ҳисобга олинган ҳолда, ўқув заллари ҳар томонлама такомиллаштирилди. Фонднинг электрон шаклга ўтказилган қисмидан фойдаланиш имконини берадиган электрон кутубхонанинг ихтисослаштирилган зали, матн, овоз, графика ва тасвирларни акс эттирадиган мультимедиа технологиялари зали ташкил этилди. Интерактив маълумотхона панели ва дўконлари ўқув залларининг жойлашуви, муайян китоб, келган янги адабиётлар, таклиф этиладиган хизматлар ҳақидаги зарур маълумотларни мустақил ҳамда тез топиш имконини беради. 

Миллий кутубхона таркибидан Республика йиғма электрон каталог маркази жой олган. Шу асосда мамлакатимизнинг электрон кутубхонага эга ҳар бир ахборот-кутубхона муассасасида қандай адабиётлар мавжудлигини билиб олиш имконини берадиган маълумотларни тақсимлаш базаси яратилмоқда.

Илм — нур, китоб — мўъжиза, мутолаа — ҳайрат. Шунинг учун бўлса керак, пойтахтимиз марказида жойлашган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳам илмга интилувчан ёшлар билан ҳар доим гавжум. Бу ерда ўтказиладиган турли маърифий тадбирлар улар қалбида мутолаага бўлган қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. 

Бинобарин, китоб мутолаасига қаратилаётган эътибор миллий ўзлигимиз ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этиши билан алоҳида қадрлидир.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Миллий либослар жозибаси Соз сеҳри »