Миллий либослар жозибаси
  • 26 Ноябрь 2016

Миллий либослар жозибаси

Мамлакатимизда миллий анъаналаримизни тиклаш, асраб-авайлаш, бардавомлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бетакрор урф-одатларимизнинг мазмун-моҳиятини ёшларга етказиш, шу орқали уларнинг маънавиятини, эстетик савиясини юксалтириш, бадиий дидини тўғри шакллантириш йўлида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилаяпти.

Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтаётган Тошкент мода ҳафталигидан кўзда тутилган мақсад ҳам маданий меросимизни сақлаган ҳолда уни янада бойитиш ва тарғиб этиш, фарзандларимизни миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялашдан иборатдир.

Абу Али ибн Синонинг ёзишича, инсоннинг феъл-атворини унинг кийинишидан ҳам билиш мумкин экан. Аллома ўз тажрибаларидан келиб чиқиб хулоса қиладики, диду фаросат билан кийиниш юксак одоб белгиси саналади. Бу ерда намойишга қўйилган турли либосларни кузатиб, улуғ мутафаккирнинг сўзларига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Зеро, тақдим этилаётган миллий матоларимиз нафақат ўз жозибаси ва кўрки, балки инсонга алоҳида ҳусн бахш этиши билан ҳам ажралиб туради. 

“Осиё рамзи” Ўзбекистон дизайнерлар ва модельерлар уюшмаси томонидан ташкиллаштирилган мазкур тадбирга вазирлик ҳамда идоралар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, модельер ҳамда дизайнерлар, чеварлар, талаба ёшлар ташрифи кузатилмоқда.

Унда халқимизнинг эстетик диди, маънавий-маданий савиясини ошириш, енгил ва тўқимачилик саноатини ривожлантириш орқали истеъмолчилар эҳтиёж ҳамда талабларини пухта ўрганиш, уни тўлароқ қондириш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. 

Бу борада “Осиё рамзи” дизайнерлар ва модельерлар уюшмаси фаолияти диққатга сазовор. Негаки, мазкур уюшма ташаббуси билан миллий ва замонавий моданинг ўзаро уйғунлигида энг илғор анъана ҳамда услубларни ривожлантириш, либослар дизайнерлиги билан шуғулланиш истагидаги истеъдодли ёшларнинг интилишини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Ташкил қилинаётган фестиваллар, маҳорат сабоқлари, ижодий анжуманлар эса профессионал мода санъатини равнақ топтириш, бу борада интилувчан йигит-қизлар учун кенг имкониятдир.

“Осиё рамзи” дизайнерлар ва модельерлар уюшмаси бошқарув раиси Холида Комилованинг айтишича, истиқлол йилларида мамлакатимизда миллий мода ҳамда дизайнерликни равнақ топтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон модельер ва дизайнерларининг ишлари Нью-Йорк, Милан, Париж ҳамда бошқа шаҳарларда бўлиб ўтаётган намойишларда юксак эътироф этилмоқда.  Атлас, адрас, беқасам сингари миллий матоларимиз, либос безаклари хорижий дизайнерларнинг ишларида кенг қўлланилмоқда. Айни пайтда ҳунармандларимизнинг қалб қўри билан тўқилган матолардан тайёрланган нафис рўмол ва шарфлар, кўйлаклар, бежирим камзуллар, устки кийимларни бугун чет элликлар эгнида учратиш оддий ҳолга айланиб қолди. Матоларни қўлда тўқиш, миллий либосларга оид бой маънавий меросимиз тарғиботида мана шундай ижодий лойиҳаларнинг ўрни ҳамда аҳамияти катта. 

Таниқли ва иқтидорли дизайнерлар, моҳир мутахассислар қатнашаётган ушбу тадбирда шарқона гўзаллик ҳамда анъаналар намойишига кенг ўрин ажратилган. 

Мода ҳафталиги мамлакатимизда мазкур соҳани ривожлантириш, миллий анъаналарни асраб-авайлаш ва тарғиб этиш, ёш дизайнерларни қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Дастурга киритилган турли танловлар, маҳорат сабоқлари, муаллифлик намойишлари кўлами ҳамда мавзуси кенгайиб бормоқда. Бу эса мамлакатимизда ўзига хос мода саноати мавжудлиги ва у муттасил ривожланиб бораётганидан далолат беради. 

Мутахассисларнинг фикрича, ўзбекистонлик дизайнерлар намойиш этаётган буюмлар юксак дид ва моҳирлик билан тайёрланган. Шу боис улар қатнашчиларда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. 

Шунингдек, хонатлас, бахмал, шойидан тикилган замонавий ранг-баранг либослар ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортаяпти. Бинобарин, мазкур тадбир юртимизнинг турли ҳудудларига оид либосларнинг шакли, улар тайёрланадиган матолар ҳамда дизайнерлик ёндашувлари хилмахиллигининг ўзига хос ифодасидир.

 

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn