Дўстлик намойиши
  • 19 Ноябрь 2016

Дўстлик намойиши

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Ўзбекистонда Россия кунларининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унга вазирлик ва идоралар, ижодий ҳамда жамоат ташкилотлари, миллий маданият марказлари вакиллари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, санъат ихлосмандлари, талаба-ёшлар таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Ф. Жалолов, Россия -Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В. Тюрденев ҳамда бошқалар Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ўзаро алоқалар тарих синовидан ўтган, ишончли ҳамкорлик тамойилларига асосланишини таъкидлади.

Бунда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг хизматлари катта эканини алоҳида таъкидламоқ керак. 

Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги муносабатлар 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома доирасида изчил ривожланиб бормоқда. 

Давлатларимиз ўртасидаги алоқалар ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий жабҳалар билан бирга, маданий-гуманитар соҳаларда ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. Тошкентда М. Ломоносов номидаги Москва давлат университети, В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, И. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг филиаллари фаолият кўрсатаётир. 

Ўзбекистон мусаввирлари, халқ амалий санъати усталарининг ижод намуналаридан иборат кўргазмалар Россияда муваффақиятли ўтказилмоқда. Юртимиз театр жамоалари ушбу мамлакатда бўлиб ўтаётган фестиваль, ижодий танловларда ўз репертуарларидаги энг сара спектаклларни намойиш этмоқда. Ўзбекистонда ушбу давлатнинг театр, мусиқа, тасвирий, фотография, хореография санъатлари намояндаларининг ижоди халқимиз эътиборига ҳавола қилинмоқда. 

Мамлакатларимиз ҳукуматлари ўртасидаги 2016 — 2018 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги дастур халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, кенгайтириш ва бойитишда муҳим аҳамиятга эга. 

Кўп миллатли Ўзбекистонимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ҳамда элат вакиллари сафида рус миллатига мансуб фуқаролар ҳам ягона ва аҳил оила фарзандларидек яшаб, мамлакатимиз равнақи, унинг фаровонлиги, келажаги йўлида меҳнат қилмоқда. 

“Олтин куз” халқаро санъат фестивали доирасида ўтказилаётган ушбу тадбир Россия маданиятига доир ёрқин намуналардан лавҳаларни намойиш этади, икки халқ ўртасидаги маданий, дўстлик ҳамда ҳамкорлик ришталарини янада -мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Тадбир “Терема” рус халқ чолғулари ёшлар оркестри концерти билан бошланди. Шунингдек, “Россия қалби” деб номланган болалар расмлари кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмадан ўрин олган суратларда жажжи ўғил-қизларнинг тинчлик, осойишталик, Ватан, оила, яхшилик, меҳр-мурувват, аҳиллик ҳақидаги тушунчалари содда, самимий, беғубор, завқли тасвирларда акс эттирилгани билан кўпчиликда катта таассурот уйғотди. 

 

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Она юрт оҳанглари Миллий либослар жозибаси »