Суратларда акс этган ҳаёт
  • 12 Октябрь 2016

Суратларда акс этган ҳаёт

Пойтахтимизда замонавий санъат кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Бадиий академияси, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил қилинган ушбу тадбирда мамлакатимиз ҳамда хорижлик рассомлар ўз ижодий лойиҳалари билан қатнашаяпти.

Жорий йилнинг 23 октябрига қадар давом этадиган кўргазма юртимизнинг барча ҳудудида санъат йўналишида ижод қилаётган истеъдодли йигит-қизларни топиш, қўллаб-қувватлаш ҳамда  уларни ижод олами билан яқиндан таништиришга хизмат қилади. 

Мазкур нуфузли кўргазмадан ўрин олган асарлар учта экспозиция майдони — Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар зали, Тошкент Фотосуратлар уйи ҳамда Маданият карвонсаройида намойиш этилаётир. Уларда турли бадиий йўналишларни бириктириш асосида яратилган инсталляция, видеоарт, фотоарт, объектлар ва оригинал лойиҳалар сингари замонавий санъатнинг барча тури қамраб олинган. Масалан, мазкур анжуманда иштирок этаётган Жамол Усмонов тасвирлари томошабинни тинчликни қадрлаш, Ватанни кўз қорачиғидай асрашга чорласа, Александр Николаевнинг “Яхши одамлар олами” туркумидаги асарларида обод мамлакатда осойишта ва фаровон умр кечираётган юртдошларимиз ҳаёти тасвирланган. Шунингдек, Бобур Исмоилов, Муҳаммаджон Фозилий, Диляра Каипова, Темур Аҳмедов каби таниқли ижодкорлар билан бир қаторда “5+1” гуруҳи, Наргиза  Бобожонова, Сардор Эркинов, Юрий  Веденин, Светлана Астахова, Виктория Ким сингари  ёшларнинг ижодий ишларида ҳам ўзига хослик кўзга ташланади. 

Бугунги кунда дунёнинг айрим мамлакатларидаги нотинчлик одамларнинг турмушини издан чиқарди. Хорижлик рассомларнинг бир қатор асарларида ана шу мавзу акс эттирилган бўлиб, санъат ихлосмандларини мушоҳада юритишга, юртимизда ҳукм сураётган дориламон кунларга шукрона айтишга ундаши, шубҳасиз. 

Замонавий санъат кўргазмаси доирасида илмий анжуманлар, маҳорат сабоқлари, ижодий учрашув ва мулоқотлар ҳам ўтказилмоқда.

Нигора АҲМЕДОВА,

санъатшунослик

фанлари доктори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn