Ўзбекистонлик созанда Италияни мафтун этди
  • 12 Октябрь 2016

Ўзбекистонлик созанда Италияни мафтун этди

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ёш авлоднинг илм-фан ва санъат билан яқиндан ошно бўлиши, республика ҳамда халқаро миқёсдаги танловлар, олимпиада ва мусобақаларда қатнашиб, ижодий ҳамда интеллектуал салоҳиятини намоён этиши учун барча шарт-шароит яратилди.

Буларнинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистон фарзандлари нуфузли танловларда фаол иштирок этиб, Ватанимиз шуҳратига шуҳрат қўшмоқда. 

Иззатилла Тошкенбоев — улардан бири. Иқтидорли вакилимиз Италияда бўлиб ўтган “Читта ди Пезаро” ХIII халқаро мусиқа танловининг “Миллий куйлар” номинацияси, “Мусиқа учун Ди Фердинандо” ва Витторио Ливи номидаги халқаро танловлар бош мукофотлари совриндори ҳисобланади.

У яқинда Жоаккино Россини номидаги халқаро мусиқа фестивалида ўзбек миллий мусиқа асбоби — чангда “Севильялик сартарош” операсидаги мусиқали муқаддимани ҳамда ўзбек ва жаҳон мумтоз санъати асарларини юксак маҳорат билан ижро этгани боис яна бир улкан муваффақиятга эришди. Яъни Иззатилла мамлакатимиздан биринчи бўлиб “Келажак мусиқачиси” номинациясида мусиқа оламидаги энг юксак мукофотлардан бири — “Чинни қалб” совринини қўлга киритди. 

Ушбу эътироф  И. Тошкенбоевга Ватиканнинг машҳур Авлиё Пётр майдонида Италиянинг “Rai” телерадиокомпанияси томонидан ташкил қилинган халқаро дўстлик фестивалида юз минглаб томошабинлар қаршисида ўз маҳоратини намойиш этиш имконини берди. Ёш созанданинг чанг асбобидаги қойилмақом ижроси боис Рим Папаси Франциск I ўз  таассуроти билан ўртоқлашгани ҳолда, ўзбек мусиқачиси билан шахсан танишди. У ҳамюртимиз тақдим этган ўзбек дўпписини эсдалик совға сифатида қабул қилиб олди.

«Жаҳон» АА.

Рим

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn