Азиз ва улуғ юрт тараннуми
  • 30 Август 2016

Азиз ва улуғ юрт тараннуми

Фарзанд тарбиясида илму маърифат нечоғли муҳим аҳамият касб этса, бу борада мусиқа ва санъат ҳам беқиёс ўрин тутади. Айниқса, яхши куй, дилбар навонинг инсон руҳиятига таъсири катта. Биргина она алласини олайлик, уни эшитганда мурғак вужуд хотиржам бўлади. Йиллар ўтиб, улғайгач, унинг қалбида онага, туғилиб ўсган юртига муҳаббати ортади. Бу бежиз эмас, албатта.

Зеро, куй-қўшиққа ошно бўлган  қалбда эзгулик, меҳр ҳамда вафо ҳислари жўш уради. Президентимиз ташаббуси билан асос солинган “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танлови ҳам ҳеч муболағасиз ана шундай улуғвор мақсадга хизмат қилаётгани билан ва ёш авлод тарбиясига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир амалий тасдиғи сифатида эътиборлидир. 

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Ёзувчилар ҳамда Бастакорлар уюшмалари томонидан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган ушбу танлов мамлакатимизнинг барча ҳудудида кўтаринки руҳда, байрамона кайфиятда ўтказилди.

Танловда асарларнинг бадиий матни, мусиқасининг ўзига хослиги, қўшиқнинг мукаммаллиги, хонандаларнинг ижро маҳоратига алоҳида эътибор қаратилди. 

Якуний натижаларга кўра, биринчи ўрин Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязовга “Қардошим” қўшиғи учун (И. Мирзаалиев шеъри, Н. Муҳаммединов мусиқаси) берилди. Иккинчи ўринга хонанда Машҳурбек Райимжонов “Унутма” қўшиғи учун (И. Мирзаалиев шеъри, Б. Лутфуллаев мусиқаси) ҳамда Самарқанд давлат университетининг “Гулдаста” хор жамоаси “Ватан зикри” қўшиғи учун (Ж. Сирожиддин шеъри, Ж. Козимов мусиқаси) -сазовор бўлди. Хонанда Дилсўзхон Зоҳидова ижросидаги “Шукрона” қўшиғи (Ф. Худойқулова шеъри, Х. Ҳасанова мусиқаси) ҳамда Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандаси Ботир Ҳожиев ижросидаги “Юрт посбонлари” қўшиғи (М. Усмонова шеъри, А. Маллабоев мусиқаси) учинчи ўринга лойиқ кўрилди.

— Ватан дейилганда, аввало, вужудимизда ёқимли ҳислар уйғонади, — дейди танлов ғолиби Женисбек Пиязов. — Кўз ўнгимиздан туғилиб ўсган гўшамизу дўст-қадрдонлар сиймоси бирма-бир ўтади. Ҳар лаҳза онгу шууримизда шуълаланиб турувчи бу туйғунинг номи муҳаббатдир. Ватан — она каби азиз. Уни авайлаб-асраш эса ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз. Шу маънода, “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танловида биринчи ўринга муносиб кўрилганимдан жуда қувондим. Бу ютуқ бизни янада жўшиб ишлашга, жонажон диёримиз ҳақида янгидан-янги қўшиқлар яратишга илҳомлантиради. 

 

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Бахтиёр АКРАМОВ олган сурат. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn