Замонавий услуб ва илғор тажриба кўриги
  • 05 Август 2016

Замонавий услуб ва илғор тажриба кўриги

Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрами тобора яқинлашиб келаётган айни кунларда “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида юқори савияда ўтказилаётир.

Хусусан, Фарғона вилояти босқичи ҳам маҳаллаларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш, тинчлик-осойишталик ва барқарорликни таъминлаш борасида тўпланган бой тажрибанинг ўзига хос кўриги бўлди.

— Мазкур танловнинг кўлами ҳамда аҳамияти йилдан-йилга ошиб бораяпти, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоят бўлими бошқаруви раиси Бахтиёржон Элчиев. — Буни унинг қуйи босқичларида ҳудудимиздаги жами 1037 та фуқаролар йиғини фаол қатнашганидан ҳам билиш мумкин. Уларнинг жойлардаги бунёдкорлик ишлари, хусусан, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида эришган ютуқлари ошкоралик ҳамда адолат тамойиллари асосида баҳоланди.

Иштирокчиларнинг дунёқараши, ҳозиржавоблиги ҳам синовдан ўтказилди. Вилоят босқичида эса 19 та жамоа ўзаро баҳс олиб борди.

Якунда Боғдод туманидаги “Чуваланчи” қишлоқ фуқаролар йиғини жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар Данғара туманидаги “Найманча” қишлоқ ҳамда Бешариқ туманидаги “Халқлар дўстлиги” маҳалла фуқаролар йиғинларига -насиб қилди.

— Ютуқларимиз эътироф этилганидан жуда мамнунмиз, — дейди ғолиб бўлган фуқаролар йиғини раиси Эгамберди -Акбаров. — Олдимизда турган вазифалар эса янада залворли. Бу борада бизга ҳамкасбларимиздан ўрганган илғор иш услублари ёрдам беради.

Кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида алоҳида таъкидланганидек, миллий урф-одат ва анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш ҳамда ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, маҳалланинг ислоҳотлардаги иштирокини янада кенгайтиришда бундай тадбирларнинг аҳамияти беқиёс.

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Қўнғирот туманидаги “Қорақалпоғистон” шаҳарча фуқаролар йиғини ғолиб бўлди. Элликқалъа туманидаги “Тозабоғ” овул фуқаролар йиғини ва Нукус шаҳридаги “Қутли қонис” маҳалла фуқаролар йиғини кейинги ўринларни банд этди.

— Оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшларни баркамол қилиб тарбиялаш, жамиятда аҳилликни таъминлашда маҳалла институтининг роли тобора ошиб бораяпти, — дейди танловда муваффақият қозонган фуқаролар йиғини раиси Қутли Қошимбетова. — 3198 нафар аҳоли, жумладан, 1500 нафар хотин-қиз, 761 нафар ёш истиқомат қилаётган йиғинимизда шу жиҳатларга катта эътибор берилмоқда. Албатта, танловдаги эътирофдан фахрланиш баробарида, зиммамизга катта масъулият юкланишини ҳис этиб турибмиз. Шу маънода, фаолиятимизни янада самарали ташкил қилиш орқали юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга астойдил интиламиз.

Термиз шаҳридаги мусиқали драма театрида ўтказилган танловнинг Сурхондарё вилояти босқичида ҳам фуқаролар йиғинлари фаолиятини намойиш этувчи фотоальбом, плакат, стенд ҳамда ҳунармандчилик намуналари, миллий либослардан таркиб топган кўргазма уюштирилди.

Тадбирда жамоатчилик комиссиялари, тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш марказлари, “Ота-оналар университетлари” фаолиятини самарали ташкил қилиш, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини янада ривожлантириш доирасида қатнашчи фуқаролар йиғинлари томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар таҳлил этилди.

Шунингдек, маҳаллаларда маърифий ишларни ташкил қилиш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни баркамол этиб тарбиялаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, тўй-маъракаларни ихчам ўтказиш, кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида эришилган натижалар ҳам ҳакамларнинг диққат-эътиборида бўлди.

— Мазкур танлов ҳудудларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллий қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, оила институтини янада мустаҳкамлаш, аҳоли ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, маҳалланинг нуфузи ҳамда таъсирини янада оширишда ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ўтамоқда, — дейди Шўрчи туманидаги “Толли” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алимардон Эрматов. — Бу ерда илғор иш услубларини ўзлаштирдик. Бу, албатта, фаолиятимизни янада кенгайтиришга туртки беради.

Танлов якунида Шеробод туманидаги “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси зафар қучди. Сариосиё туманидаги “Шоҳжаҳон” ва Ангор туманидаги “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинлари иккинчи ҳамда учинчи ўринларни эгаллади.

Бугун Сирдарё вилоятида 263 та фуқаролар йиғини бўлиб, улар ҳудудларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашмоқда. Танловнинг вилоят босқичида ўзаро баҳс олиб борган 11 фуқаролар йиғини вакилларининг чиқишлари мисолида ҳам буни кўриш мумкин эди. Ҳозирги пайтда улар томонидан жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшларни баркамол этиб вояга етказиш, миллий урф-одат ҳамда қадриятларни асраш ва ривожлантириш каби вазифалар муваффақиятли бажарилаётир.

Иштирокчиларнинг миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш борасидаги фаолияти ҳам ҳакамлар томонидан ўрганилди.

— Йиғинимиз замонавий бинода жойлашган, — дейди Мирзаобод туманидаги “Янгийўл” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қодирқул Холбоев. — Ҳудудимизда иккита мактаб мавжуд. Қишлоқ врачлик пункти сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконига эга. Умуман, маҳалламиз йил сайин чирой очиб, ҳаётимиз тобора фаровон бўлиб бормоқда. Танловда шу юксалишлар ҳақида фахр билан гапириб бердик. Қувонарлиси, маҳалла ривожи йўлидаги ишларимиз танлов ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди.

Барча шарт бўйича энг кўп балл тўплаган Мирзаобод туманидаги “Янгийўл” маҳалла фуқаролар йиғини “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи” деб топилди ҳамда танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Сардоба туманидаги “Зомин” ва Оқолтин туманидаги “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинларига кейинги ўринлар насиб қилди.

Танловнинг Хоразм вилояти босқичида ҳам маҳалланинг ҳаётимизда тутган ўрни ҳамда аҳамияти тобора ортиб бораётгани яна бир бор намоён бўлди. Унда иштирок этган 11 фуқаролар йиғини томонидан амалга оширилган кенг кўламли -бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, хусусан, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасидаги чора-тадбирлар натижаси, жамоатчилик комиссиялари, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича маслаҳат марказлари, “Ота-оналар университетлари” фаолияти атрофлича ўрганилди.

Пировардида Шовот туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ғолиб чиқди. Кейинги ўринларни Қўшкўпир туманидаги “Бўрлоқ”, Ҳазорасп туманидаги “Пичоқчи” маҳалла фуқаролар йиғинлари эгаллади.

— Танловда билимимизни яна бир бор синовдан ўтказиб, тажриба алмашдик, — дейди Янгибозор туманидаги “Тоза дўрман” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шавкат Жуманиёзов. — Бу ерда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунларни амалиётда қўллаш механизми билан боғлиқ билимларимизни ҳам бойитдик. Албатта, бу фаолиятимизни янада самарали ташкиллаштиришда айни муддаодир.

Ғолиблар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Танловнинг ҳудудий босқичлари давом этмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

материаллари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn