Биз дунёга чиқаяпмиз
  • 02 Август 2016

Биз дунёга чиқаяпмиз

Истиқлолга эришганимиздан кейин Республика “Ҳунарманд” уюшмаси, жойларда эса унинг бўлимлари ташкил этилди.

Бир пайтлар уста ва ҳунармандлар ўзи яратган буюмларини сотиши у ёқда турсин, шундай нияти борлар ҳам турли тўсиқларга учраган бўлса, бугун ҳар бир туман ҳамда шаҳардаги бозорлар ва савдо мажмуаларида махсус савдо расталари яратилган. Бу ҳунармандчилик ривожига, биз, ҳунармандларга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани мевасидир.

Хусусан, мамлакатимизда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиб, халқ бадиий ҳунармандчилиги ҳамда амалий санъати билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ўзлари ясаган буюмларни юртимиздан ташқарида сотиш, кўргазмаларга -боришда бож тўловидан озод қилинганлар. Энг муҳими, ҳунармандлар ижтимоий суғурталаниб, иш даври белгиланган тартибда меҳнат стажига қўшилаётир. Бу эса, ўз -навбатида, янгича руҳ, куч-ғайрат билан ишлашга, бетакрор санъат асарлари яратишга ундамоқда.

Масалан, менинг ўзим ана шундай имкониятлардан фойдаланиб, “Қўли гулдир ўзбек аёлин”, “Мустақил юрт ҳунармандлари” каби анъанавий кўргазма-савдо ярмаркаларида, “Ипак ва зираворлар” халқаро фестивалида қатнашиб келаяпман. “Ташаббус — 2016” кўрик-танловида иштирок этиб, вилоятда иккинчи ўринни эгалладим. Келинларим, қиз ҳамда набираларимга ҳам ушбу ҳунар сирларини ўргатганман. Бунинг ортидан кам бўлмадик.

Қувонарлиси, ҳунармандчилик нафақат катталар, балки ёшлар орасида ҳам кенг қулоч ёйиб бормоқда. Турли ютуқ ва муваффақиятларни қўлга киритиб, ҳунармандчилик намуналарини дунёга олиб чиқаётган ёшларимизни кўрганда, кўнглимизда фахр ҳисси уйғонади. Узоққа боришимиз шарт эмас, биргина маҳалламизда ҳунармандчилик билан ҳам оиласи, ҳам юртимиз фаровонлигига ҳисса қўшаётганлар кўп. Бешиксозлик, кулоллик, ёғоч ўймакорлиги ҳамда бошқа амалий санъат намуналари ёш авлод қалбига миллий анъаналаримизга содиқлик руҳи билан бирга сингиб бораётгани, айниқса, нур устига аъло нурдир.

Халқаро анъанавий фестиваль ва танловларда қатнашганимда, кўнглимни таърифлаб бўлмас ифтихор ҳисси қамраб олади. Дунёнинг ҳар бир нуқтасида ўзбек маҳсулотлари эътирофга лойиқ топилаётгани, харидорлар сони ортиб бораётгани мамлакатимизда соҳага қаратилаётган улкан эътибор ҳамда рағбатнинг юксак намунаси, деб айта оламан.

Шулар ҳақида ўйларканман, ҳунари ортидан кам бўлмаётган, аксинча, бундан обрў-эътибор топиб, эл-юрт ҳурматига сазовор ҳамкасбларим борлигидан қувониб, бундан фахрланаман.

Замира АҲМЕДОВА,

ҳунарманд.

Зарафшон шаҳри

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn