Женевада Наврўз байрами нишонланди
  • 05 Апрель 2014

Женевада Наврўз байрами нишонланди

БМТнинг Женевадаги Миллатлар саройида Наврўз айёмига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон дипломатия миссиялари томонидан ташкил этилган мазкур байрам тадбирида Женевадаги дипломатия корпуси ҳамда халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, масъул ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, Швейцариянинг жамоатчилик ва маданий ташкилотлари вакиллари ҳозир бўлди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Женевадаги бўлими бош директори вазифасини бажарувчиси Майкл Мёллер тадбирни очар экан, кўҳна Наврўз байрами ишонч ва янгиланиш рамзи эканлигини, бинобарин, у турли халқлар ўртасида ҳурмат, ўзаро тўғри тушуниш ва яхши қўшничилик сингари қадриятлар бардавомлигига кўмаклашишини алоҳида таъкидлади. “Шу боис Наврўз БМТ Бош Ассамблеяси томонидан ўз эътирофини топди ва ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатидан жой олди”, деди у.Байрам тадбирида 800 нафардан зиёд иштирокчи ташкилотчи давлатлар халқларининг бой анъаналари, мазкур мамлакатларга оид қизиқарли маълумотлар билан танишиш ҳамда уларнинг миллий таомларидан татиб кўриш имконига эга бўлди.Хусусан, Ўзбекистон халқ амалий санъати намуналари, ўлкамиз табиатининг бутун гўзаллиги, унинг бой тарихий-маданий мероси, сайёҳлик салоҳияти ҳамда юртимизнинг мустақиллик йилларида қўлга киритган муваффақиятларини ўзида акс эттирган ранг-баранг ахборот материалларининг кўргазмаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи қатнашчилар эътиборига ҳавола қилинди.
“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири тадбирнинг анъанавий ўзбекона меҳмондўстликдан баҳраманд бўлган айрим меҳмонлари билан суҳбатлашди.

Артурас Гайлиунас,
Литванинг Женевадаги доимий ваколатхонаси масъул маслаҳатчиси:
— Ўзбекистон халқи ҳамиша меҳмондўстлиги, яратувчанликка иштиёқмандлиги ва тинчликсеварлиги билан ажралиб турган. Баҳор ҳамда янгиланиш байрами ҳисобланадиган Наврўз ўзида кўп асрлар давомида ана шундай хусусиятларни мужассамлаштирган.
Байрам муносабати билан барча ўзбекистонликларга тинчлик-хотиржамлик ва роҳат-фароғат тилайман. Мана шундай байрам кайфияти уларни асло тарк этмасин.

Рошед Баҳор,
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти собиқ ходими:
— Мен қисқа муддатли сафар билан Тошкентда бўлган эдим. Ўшандаёқ ўзбек халқининг меҳмондўст ва очиқкўнгиллигини ҳис қилганман. Бугун кўп асрлик анъана — Наврўз айёми нишонланаётган кунда барча ўзбекистонликлар билан бу байрамни баҳам кўриш ҳамда уларга энг эзгу тилакларимни билдириш менга шарафдир.

Амир Надери,
Швейцариянинг “Apadana Diffusion” компанияси раҳбари:
— Ўзбек халқини ушбу баҳор шодиёнаси билан табрикларканман, бугунги байрам тадбири ташкилотчиларига ҳам ўз миннатдорлигимни билдиришни истар эдим. Барчангизга бахт-иқбол ва тинчлик-хотиржамлик тилайман.

«Жаҳон» АА.
Женева

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn