Беш бадиий гулдаста
  • 03 Апрель 2014

Беш бадиий гулдаста

Кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Истиқлол илҳомлари” рукнида “Озод Ватан саодати” деб номланган беш жилдлик китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Уюшма қошидаги “Адиб” нашриёти томонидан чоп этилган ушбу китобларда истиқлол йилларида шеърият, наср, драматургия, бадиий публицистика, адабиётшунослик йўналишларида яратилган энг сара асарлар жамланган.

Шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тақдимот маросимида сўзга чиққан Ёзувчилар уюшмаси раиси М. Аҳмедов ва бошқалар  мамлакатимизда  Президентимиз раҳнамолигида ижод аҳлига кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликни эътироф этиб, мазкур китобларнинг яратилиши ана шу эъзознинг самараси эканлигини таъкидладилар. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу борада олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар замирида ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш, улар қалбида ватанга садоқат, қадриятларга чуқур эҳтиром туйғусини сингдиришдек улуғвор ғоя мужассам.
2010 йилда Президентимизнинг “Ўзбекистон Ўзувчилар уюшмаси ҳузурида “Ижод” фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ушбу ҳужжат қабул қилингач, унда кўзда тутилган вазифалар бўйича беқиёс ўзгариш ва янгиланишлар кўзга ташланди. Бу ижод аҳли учун катта имконият ва имтиёздир, албатта. Давлатимиз раҳбарининг “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” номли асарида шундай дейилади: “Таъбир жоиз бўлса, одам ёзувчилик касбини танламайди, аксинча, бу касб ёзувчини танлайди. Истеъдод, истеъдод ва яна бир бор истеъдод соҳибларини топиш, тарбиялаш ва уларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш энг асосий вазифамизга айланиши зарур”.
— “Озод Ватан саодати” дея номланиб, сифатли тарзда чоп этилган ушбу китоблардан энг сара асарлар жой олганлиги барчамизни беҳад қувонтирди, — дейди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев. — Истиқлолнинг мунаввар зиёсидан илҳомланиб яратилган ижод намуналари ўқувчининг эътиборини тортиши, уни мулоҳаза юритишга, мушоҳада қилишга, жонажон Ватанимизни янада севишга ундаши, шубҳасиз. Энг муҳими, “Истиқлол илҳомлари” туркумидаги бундай китоблар чоп этилиши анъанага айланиб, унга янгидан-янги асарлар киритилиши эзгуликка хизмат қилади, албатта.
Бугун дунёнинг айрим давлатларида ахлоқсизликларнинг, маънавий тубанликларнинг одатий ҳолга айланиб бораётгани қалби уйғоқ одамни жиддий ташвишга солиши аниқ. Шу маънода, Президентимизнинг адабиёт аҳлига мурожаатидаги қуйидаги фикрлар алоҳида диққат ва эътиборга молик: “Бугунги мураккаб ва таҳликали замонда ёзувчининг башариятни эртанги кунини ўйлаб, одамларни эзгуликка, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этишга қаратилган ҳароратли сўзи ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Яъни, ёзувчи “Эй одамзод, кўзингни оч, сен нима учун яшаяпсан, инсон деган юксак номга муносиб бўлиш учун нима қиляпсан?” деган саволларни китобхон олдида, жамият олдида қатъий қилиб қўя олсагина, ўйлайманки, ўзининг инсоний ва ижодий бурчини бажарган бўлади”.
Тақдимот маросимида ушбу таъкидлар уюшма ва ҳар бир ижодкор фаолиятида дастуриламал бўлиши зарурлиги қайд этилди. Зеро, шаклидан қатъи назар, барча бадиий асарлар миллий ўзлигимиз ва умуминсоний қадриятларнинг энг ибратли жиҳатларини тарғиб этишга хизмат қилиши айни муддаодир.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn