Санъат мактаби
  • 18 Декабрь 2015

Санъат мактаби

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Санъат мактаби” телевизион фестивалининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ёшлар маданият ва санъат маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда маданият ва санъат соҳаси вакиллари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, юртимизда санъатни ривожлантириш, халқимизнинг бебаҳо мусиқий асарларини ёшларимиз онгига сингдириш, шу орқали уларни она-Ватанимиз, миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини  оширишда янги босқични бошлаб берди. Унга кўра, ўтган давр мобайнида республикамиз миқёсида 138 болалар мусиқа ва санъат мактаби барпо этилди, 145 таси капитал реконструкция қилинди ва таъмирланди. Таълим муассасаларининг барчаси 15 турдаги миллий ва 27 хилдаги жаҳон чолғу асбоблари билан тўлиқ таъминланди. Натижада ўқув масканларида замон талаблари даражасида таълим бериш имконияти вужудга келди.
Ҳозирги кунда болалар мусиқа ва санъат мактабларида 58 мингдан ортиқ ўғил-қизларга сабоқ берилаяпти. Бунда миллий ва жаҳон мусиқа санъатининг барча қиррасини қамраб олишга аҳамият қаратилаётир. Бинобарин, илгари тўққизта йўналишда таълим берилган бўлса, бугунги кунда эртамиз эгаларининг қизиқишлари ва ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ҳолда театр, тасвирий ва амалий санъат, шунингдек, академик хонандалик йўналишлари ҳам жорий қилинди.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Она юрт оҳанглари”, “Ягонасан, муқаддас Ватан!”, “Академик ва эстрада ижрочилиги”, “Санъат ғунчалари” каби кўрик-танловлар, “Камалак” юлдузлари” болалар ижодиёти фестивали, “Наврўз садолари” миллий чолғу ансамбль ва оркестрлар фестиваллари ёшларнинг ижрочилик қобилиятини ривожлантириш, иқтидорини юзага чиқаришга хизмат қилаяпти.
“Санъат мактаби” фестивали ҳам истеъдодларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Фестивалнинг ҳудудий босқичи жорий йилнинг май ойида ўтказилиб, унда 1200 нафардан зиёд ёш санъаткорлар иштирок этди. Уларнинг 134 нафари мамлакат босқичида ўз қобилиятини намойиш қилди.
Тадбирда “Энг намунали эстрада мактаби”, “Энг намунали анъанавий ашула мактаби” каби йўналишларда ғолиблар номи эълон қилинди ҳамда уларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Умрбоқий хазина Галерея эшикларини очди »