Умрбоқий хазина
  • 17 Декабрь 2015

Умрбоқий хазина

Ҳунармандчиликни умрбоқий хазинага қиёслаш мумкин. Асрлардан-асрларга ўтиб келаётган бу анъана истиқлол шарофати билан янада сайқалланиб, иқтидор соҳиблари салоҳиятини юзага чиқариш манбаига айланди.

Наманган шаҳрининг Мингчинор даҳасида истиқомат қилаётган Неъматжон Солиев кулолликда катта тажрибага эга қўлигул инсонлардан бири.
Айтиш керакки, юртимизда миллий қадриятларни тиклаш, асраб-авайлаш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар Неъматжон ака сингари ҳунармандларнинг ижодий интилишларига ҳам қанот бағишлади. У авваллари бу юмуш билан шунчаки ҳаваскор сифатида шуғулланиб, оддийгина гултуваклар ясаб келган бўлса, давлатимиз томонидан соҳа ривожига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик туфайли уни асосий машғулоти ҳамда даромад манбаига айлантирди. Кулолликнинг қадимий ва ноёб сирларини амалда қўллаб, фарзандлари, маҳалла ёшларига қунт билан ўргатди ҳамда шу тарзда “Устоз — шогирд” мактабига асос солди. Бу билан чекланиб қолмай, чинни буюмлар тайёрлашни йўлга қўйди. Айни пайтда унинг оилавий устахонасида 70 турдан зиёд ана шундай маҳсулотлар ясалмоқда.
— Ота-боболаримиз тажрибаси ва замонавий талабларни уйғунлаштирган ҳолда, фаолият олиб бораётганимиз муваффақиятларимиз омили бўлаяпти, — дейди республика “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси Н. Солиев. — Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, чиннисозлик билан астойдил шуғуллана бошлаганимиздан буён юздан ортиқ андазадаги идиш-товоқлар, гулдон  ва бошқа буюмлар тайёрлашни ўзлаштирдик.
Устанинг ижодхонасида ясалаётган кулоллик буюмларининг ҳар бирида унинг “дастхати” кўзга яққол ташланиб туради. Боиси, уларнинг чизмасидан тортиб, қолипигача ўзининг қўлидан чиққан. Ҳовлисида жойлашган хумдонларни ҳам ўзи ясаган. Эндиликда бу маънавий хазинадан шогирдлари баҳраманд бўлаётир.
Ҳунармандчилик — ижодий иш. Унинг соҳиби яратган асар кўпчилик эътирофини қозонсагина қадр топади. Шу жиҳатдан олганда, наманганлик кулолнинг изланишлари маҳсули бўлган бетакрор чиннилар турли кўргазмаларда ҳамиша юксак баҳоланиб келинаётгани диққатга сазовор. Чунончи, 2012 йили Президентимиз Фармонига мувофиқ, “Шуҳрат” медали билан тақдирланган уста “Ташаббус — 2013” кўрик-танловида “Энг яхши ҳунарманд” номинацияси бўйича иккинчи ўринни эгаллаб, муносиб тақдирланди. Пойтахтимизда ўтказилган қатор кўргазмаларда ҳам фаол қатнашиб, ҳамкасблари билан тажриба алмашди.
Наманганда Неъматжон акани “Мактаб яратган уста”, дея ҳурмат қилишади. Бу бежиз эмас. Уч ўғил — Шокиржон, Ботиржон ва Носиржон ота изидан бориб, унинг ҳунарини эгаллашди. Оила устахонасида набиралардан ташқари, ўн нафар шогирд маҳорат ошираяпти. Умуман, кейинги йилларда бу мактабни ўтаб, нодир ҳунар сирларини ўзлаштирган ёшлар сони уч юз нафардан ортиб кетди. Уларнинг кўпчилиги айни чоғда мустақил иш юритаяпти. Қўлигул кулол буларнинг барчасидан қувонади, кўнгли фахрга тўлади. Зеро, билганларини баҳам кўрган кишининг тажрибаю билими авлодлар учун боқий мерос бўлиб қолиши билан аҳамиятлидир.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn