Истеъдодлар мамлакати
  • 02 Декабрь 2015

Истеъдодлар мамлакати

Пойтахтимизда академик чолғулар, эстрада ва анъанавий ижрочилик бўйича “Истеъдод” халқаро танлови якунланди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёш авлодни миллий ва жаҳон санъати дурдоналари билан таништириш, мусиқага оид қизиқишларини қўллаб-қувватлашга улкан эътибор қаратилаяпти. Замонавий ўқув муассасалари, уларда яратилган кенг имкониятлар ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишдан кўзланган пировард мақсад,  ўғил-қизларимизни ҳар жиҳатдан етук инсонлар этиб тарбиялашдир.
Шу маънода, “Истеъдод” халқаро танлови ҳам ёшлик ва санъат байрамига айланди. Унда Ўзбекистон, Франция, Корея Республикаси, Озарбайжон каби давлатлардан жами 160 дан ортиқ навқирон ижрочилар қатнашиб, миллий мусиқа намуналари, жумладан, дунёга машҳур санъат асарларини ижро қилишди. Танлов янги истеъдодларни кашф этгани, қолаверса, унда янграган куй ва наволар орқали тинчлик, дўстлик, ҳамжиҳатлик ҳамда инсон кўнглидаги энг эзгу туйғулар тараннум этилгани билан кўпчиликда катта таассурот қолдирди.
— Ўзбекистонда санъат соҳасида олиб борилаётган ўзгаришларга ҳавас қиламиз, — дейди танлов ҳайъати аъзоси, Озарбайжоннинг “Каинат” ижодкор ёшлар маркази бош директори Рагиб Расулзода. — Мамлакатингизда миллий ва жаҳон мусиқа санъатининг юксак намуналарини пухта ўзлаштирган янги авлод шаклланиб келаяпти. Ушбу ижодий беллашувда ўзбекистонлик ёшларнинг чиқишларини кўриб, кузатиб ва мароқ билан тинглаб, уларга яна бир бор қойил қолдим.
Мазкур халқаро танлов ёш тоифасига кўра, икки гуруҳда (12 — 15 ёш ва 16 — 19 ёш) ўтказилиб, қатнашчилар фортепьяно, торли чолғулар (скрипка, альт, виолончель, контрабас), эстрада ҳамда анъанавий хонандалик каби йўналишлар бўйича ўз маҳоратларини намойиш қилишди. Тадбирда ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
— Кўплаб нуфузли ижодий анжуманларда иштирок этганман, — дейди фортепьяно йўналиши бўйича биринчи ўрин соҳибаси Анна Дўстмуротова. — Аммо бу галгиси иқтидорли ёшларнинг кўплиги билан ажралиб турди. Бундай тадбирлар маҳоратимизни оширишга ҳам жуда катта ёрдам беради. Дарҳақиқат, мамлакатимизда биз, ёшларга катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаяпти. Бунинг учун Президентимизга раҳмат.
Халқаро танлов турли миллатга мансуб санъаткор йигит-қизларнинг фикр ва тажриба алмашишига замин яратгани билан ҳам муҳим аҳамият касб этди. Хорижлик ёш ижрочилар ҳамда мутахассислар Ўзбекистон истеъдодлар юрти эканлигини алоҳида эътироф этдилар. Болалар мусиқа ва санъат мактабларида яратилган замонавий шарт-шароитлар, пойтахтимиз осориатиқалари, амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан танишдилар.
Тадбир якунида ёш ижрочилар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn