Ранг-баранг услублар, янги ифодалар
  • 01 Декабрь 2015

Ранг-баранг услублар, янги ифодалар

Бугун мамлакатимизда навқирон авлодга алоҳида эътибор қаратилиб, беқиёс ғамхўрликлар кўрсатилмоқда. Уларнинг билим ва маҳоратини ошириш, изланиш ҳамда қизиқишларини рўёбга чиқариш, истиқболли лойиҳаларини рағбатлантиришни кўзда тутувчи чора-тадбирлар ана шу йўналишдаги эзгу саъй-ҳаракатлар ифодасидир.

Чунончи, давлатимиз кўмаги билан жорий йилнинг 24 — 29 ноябрь кунлари пойтахтимизда ўтказилган Мода ҳафталиги ҳам дизайнерликни ривожлантириш, соҳага қизиқувчан йигит-қизларни кашф қилиш ва қўллаб-қувватлашга йўналтирилганлиги билан алоҳида аҳамиятлидир.
Ёшлар ижод саройи ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ташкил этилган Тошкент мода ҳафталигининг асосий йўналиши шарқона анъаналарнинг замонавий талқинига бағишланди. Тадбир доирасида ўзбек дизайнерларининг коллекциялари намойиши ҳам бўлиб ўтди. Стилист, визажист ва ёш дизайнерлар танлови, ўзбекистонлик ҳамда италиялик соҳа вакилларининг муаллифлик намойишлари, “Миллий либос” фестивали, хорижлик мутахассислар иштирокида “Маҳорат дарслари”, гала-fashion шоу каби тадбирларни ўз ичига олган ҳафталик, айтиш керакки, муҳим воқеа бўлиб, унинг мақсади жаҳон мода саноатида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда ривожлантиришдан иборатдир.
Аслида, республика ва халқаро миқёсда ўтказиладиган бу каби тадбирларда “Osiyo ramzi” Ўзбекистон модельерлар ва дизайнерлар уюшмаси томонидан “Ўзбек модаси” бренди тарғиботига алоҳида эътибор қаратиб келинади. Шу маънода, бугунги кунда юртимизда мазкур уюшма тасарруфида дизайнерлар мактаби ҳамда ижодий студиялар шакллантирилган бўлиб, улар бир нечта йўналишда фаолият юритмоқда. Бинобарин, ушбу ҳафталикка ҳам йил мобайнида тайёргарлик кўрилди. Бунда Италия, Франция, Буюк Британия каби давлатларнинг дизайнерлари билан изчил ҳамкорлик йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этди. Мутахассисларимиз бир неча бор мазкур давлатларга бориб, тажриба оширишган бўлса, ўз навбатида, чет элликлар ҳам мамлакатимизга ташриф буюриб, турли тадбирларда қатнашдилар. Ана шундай пухта ҳозирлик ҳафталикнинг қизғин ўтишини таъминлади, десак, янглишмаймиз.
Жумладан, дастурдан ўрин олган “Миллий либос” фестивали ва ёшларнинг намойишлари ҳамда машҳур дизайнерларимизнинг муаллифлик чиқишлари Мода ҳафталигининг ўзига хослигини алоҳида намоён этди. Дилноза Эркинова, Малика Иргашева, Дилноза Умрзоқова, Нилуфар Абдувалиева, Николай Нам, Елена Милбергер каби иқтидор эгаларининг замонавий ва энг сўнгги жаҳон подиумлари трендларидан илҳомланган муаллифлик тўпламлари мутахассис ҳамда томошабинларда катта таассурот қолдирди. Улар тақдим этган либослар ёрқинлиги ва услубнинг нозиклиги билан ажралиб турди. Шунингдек, стилистлар, визажистлар ҳамда nail-art Республика танлови ҳам уюштирилиб, унда юртимизнинг барча ҳудудидан косметологлар, вейд-дизайнерлар, сартарошлар, салон бизнеси лойиҳалари раҳбарларининг қатнашиши тадбирнинг мазмун-моҳиятини янада бойитди.
“Ёш дизайнерлар” танлови ўз иқтидорини намоён этишга чоғланганлар учун кенг имконият бўлди. Хусусан, танловда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчилари қатнашди. Улар томонидан тайёрланиб, намойишга қўйилган ишларни кузатганда, ёшларнинг ноанъанавий ёндашувга интилиши, ўз қизиқишларини ёрқин даражада акс эттирганига гувоҳ бўлдик. Таъкидлаш керакки, ушбу тадбир доирасида иштирокчиларга тўлиқ ижодий эркинлик яратиб берилди. Тақдим қилинган тўпламлар турлича ва ўзига хос. Агар айрим дизайнерлар бутунлай янги матолардан фойдаланиб, шакл ҳамда услубларни топишга эътибор қаратган бўлсалар, баъзилари миллий либослардан илҳомланиб, замонавий кийимлар яратишган. Шу маънода, “Ёш дизайнерлар” дефилеси ўзига хос ва катта қизиқиш уйғотувчи намойишлардан бири бўлиб, у ўқувчи ҳамда талабалар орасидан ушбу соҳага қизиқувчиларни аниқлашда муҳим омилга айланди.
“Миллий либос” фестивали эса республика анъанавий модалар тақдимотига айланиб, мамлакатимизнинг турли бурчакларидан истеъдодли дизайнерларни жамлади. Унда вилоятларнинг турфа шакл, мато ва дизайнерлик ёндашувлари намойиш қилинди. Мода ҳафталиги доирасида олий ўқув юртлари талабалари ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчилари учун хорижлик таниқли дизайнерлар, қолаверса, юртимизнинг етакчи мутахассислари миллий ҳамда замонавий либосларни моделлаш ва конструкциялаш, брендинг, услубни танлаш, сартарошлик санъати ҳамда макияж бўйича маҳорат дарслари, семинар-тренинглар ўтказишди.
Ҳафталикка илк бор Италия мода байерлари палатаси президенти Марио Делль Ольо бошчилигидаги мутахассислар гуруҳи ташрифи мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ва дизайнерлари учун яна бир қатор имкониятларни очиб берди. Зеро, халқаро миқёсда танилиш, чет эллик мутахассисларни жалб қилиш ва ўзбек брендини жаҳон бозорида тарғиб этиш ўзаро ҳамкорликнинг асосий вазифасидир. Худди шунингдек, Италия миллий мода палатасининг президенти Марио Боселли лойиҳамизнинг асосий иштирокчиларидан бири бўлди. Дастур давомида Милан аёллар модаси тўпламлари ҳамда Италия дизайнерларининг муаллифлик ишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Якуний гала-fashion шоуда ўзбекистонлик ва италиялик модельерларнинг асосий намойиши бўлиб ўтди. Унда юртимизнинг дизайн ҳамда мода соҳасидаги ранг-баранг анъаналари ва замонавий изланишлари акс эттирилди. Тадбирлар давомида хорижлик мутахассислар ёшларимиз тайёрлаган либосларни ҳамда дизайнерларимизнинг чиқишларини алоҳида эътироф этишди, улардан ўрганса арзийдиган жиҳатлар кўп эканлигини таъкидлашди. Бу эса эртамиз эгалари барча соҳада ҳеч кимдан кам эмасликларини исботловчи яна бир далилдир. 
Умуман олганда, ҳафталик, чин маънода, байрамга айланди. Шу боис у иштирокчилар ва томошабинлар ёдида узоқ вақт сақланиб қолади, деган умиддамиз. Муҳими, ушбу лойиҳа маҳаллий ҳамда хорижлик мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашиши, соҳани янада ривожлантириш, жаҳон бозорида муносиб ўрин эгаллашимизда муҳим восита бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Холида КОМИЛОВА,
«Osiyo ramzi» Ўзбекистон модельерлар ва дизайнерлар уюшмаси бошқаруви раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn