Японияда миллий либосларимиз тақдимоти
  • 28 Ноябрь 2015

Японияда миллий либосларимиз тақдимоти

Япониянинг Токио шаҳрида жойлашган “Akasaka” санъат саройида Самарқанднинг “Эл мероси” тарихий либослар театри тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбек миллий либослари ва безаклари намойиш этилган ушбу тадбирда мазкур мамлакат ижтимоий-сиёсий, илмий-академик доиралари вакиллари, маданият ҳамда санъат арбоблари қатнашди.
Тақдимотнинг очилиш маросимида йиғилганларга Ўзбекистоннинг тарихи ҳамда бугунги куни, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг натижалари, маданият ҳамда санъат соҳаларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбирнинг асосий қисмида “Эл мероси” ансамблининг “Абадиятнинг бир лаҳзаси” номли махсус дастури тақдим қилинди. У ўз ичига ўзбек халқининг қадимдан ҳозирги кунгача бўлган даврга оид либослари, бош кийимлари ва безаклари намойишини қамраб олди.
Шунингдек, тақдимотда халқимиз ҳаёти ҳамда миллий урф-одатлари акс эттирилган бадиий дастурлар гулдастаси томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди. Мамлакатимиз тарихининг турли даврларига мансуб бўлган бетакрор либосларнинг сара намуналари тадбирга ташриф буюрган санъат ихлосмандлари томонидан юксак баҳоланди. Бундан ташқари, япониялик томошабинлар миллий мусиқа ва рақсларни давомли гулдурос қарсаклар билан қарши олдилар.
“Япония — Ўзбекистон” дўстлик уюшмаси президенти Нобухико Шима “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюси чоғида Кунчиқар мамлакатда ўзбек замини ҳамда унинг шонли тарихи ва кўп асрлик анъаналарига бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганини таъкидлади.
— Бугунги концерт дастурига минглаб томошабинлар ҳамда меҳмонлар ташриф буюрди, — деди Н. Шима. — Улар ўзлари билан ушбу қуёшли ўлканинг бир бўлагини, унинг такрорланмас маданияти ва санъатини олиб кетмоқдалар. Шубҳасиз, бу сингари тадбирлар Япониядан Ўзбекистонга борувчи сайёҳлар сонининг ортишига, халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

«Жаҳон» АА.
Токио

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn