Ижро ва соз сеҳри
  • 27 Ноябрь 2015

Ижро ва соз сеҳри

Пойтахтимизда илк бор академик чолғулар, эстрада ва анъанавий ижрочилик бўйича “Истеъдод” халқаро танлови ўтказилмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, миллий санъатимизни янада равнақ топтириш, унинг намуналарини жаҳонда кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Юртимиз ёшларининг халқаро миқёсдаги кўрик-танловларда муваффақиятли қатнашаётгани ҳамда мамлакатимизда ташкил этилаётган қатор фестиваллар, ижодий анжуманлар бунинг ёрқин далилидир.
Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқди. Хусусан, ушбу ҳужжатга мувофиқ, республикамизда 138 болалар мусиқа ва санъат мактаби барпо этилиб, 145 таси реконструкция қилинди ҳамда таъмирланди. Энг муҳими, мазкур масканларда замон талаблари даражасида таълим бериш учун барча имконият яратилган.
Ёш санъаткорларимизнинг АҚШ, Япония, Ҳиндистон, Германия, Нидерландия, Испания, Швейцария, Франция, Жанубий Корея, Италия, Буюк Британия каби давлатларда ташкил этилаётган қатор нуфузли кўрик-танлов, ижодий учрашувлар ҳамда фестивалларда қатнашиб, улкан муваффақиятларга эришаётгани юртдошларимизга алоҳида фахр бағишлайди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Бастакорлар уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур халқаро танловда Франция, Корея Республикаси, Озарбайжон каби ўндан ортиқ хорижий давлатларнинг 160 нафардан зиёд иқтидорли ёшлари фортепиано, торли чолғулар, эстрада ҳамда анъанавий хонандалик йўналишларида ўз маҳоратларини намойиш қилишаяпти.
— Ўзбек халқининг бетакрор ва бой мусиқаси, санъати дунё аҳлини ҳамиша ўзига мафтун этиб келган, — дейди танлов ҳакамлар ҳайъати раиси, Париж консерваторияси профессори Игорь Лазько. — Ўзбекистонлик ёшларнинг бугунги танловдаги қойилмақом ижролари уларнинг моҳир созанда ва истеъдодли хонандалик бобида келажаги бундан-да порлоқлигидан далолат бермоқда. Бу юртингизда санъатнинг барча турини ривожлантириш, ёш иқтидор эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар самарасидир.
Танлов шартларига кўра, иштирокчилар, аввало, ўз халқининг миллий мусиқаларини, сўнгра жаҳон ва ўзбек мумтоз бастакорлари асарларидан намуналар ижро этишади.
Тадбир доирасида иштирокчиларнинг Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилиши ҳам режалаштирилган. Улар қадимий ҳамда ҳамиша навқирон шаҳарнинг тарихий обидалари, табаррук қадамжолари, ёш иқтидорлар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, таълим-тарбия жараёни билан яқиндан танишадилар.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn