Созлар оҳанрабоси
  • 17 Ноябрь 2015

Созлар оҳанрабоси

Ўзбекистон давлат консерваториясида “Созлар навоси” республика ёш мусиқачилари танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида уюштирилган мазкур ижодий беллашувда ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган истеъдод соҳиблари ўз маҳоратларини намойиш қилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда эртамиз эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидорларни аниқлаш ва уларни рағбатлантиришга катта эътибор қаратилаяпти. Бу борада ташкил этилаётган анъанавий кўрик-танловлар, ижодий фестиваллар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ана шундай тадбирлар истеъдод соҳиблари учун кенг имкониятлар эшигини очиб бермоқда.
“Созлар навоси” 15 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар ўртасида ўтказилиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 700 нафардан зиёд ёшлар қатнашди. Улардан 80 нафари республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
— Биз, ёшларга кўрсатилаётган имконият ва ғамхўрликдан чексиз ғурурланамиз, — дейди танлов қатнашчиси, Ўзбекистон давлат консерваторияси қошидаги иқтидорли болалар академик лицейи ўқувчиси Умида Асомиддинова. — Бундай эътибор бизни улкан ижодий марралар сари етаклайди. Мақсадимиз — шу дутор билан жаҳон саҳналарида ўзбек мумтоз санъатини тараннум этиш.
Айтиш жоизки, танлов иштирокчиларини баҳолашда нафақат уларнинг маҳорати, балки саҳна маданиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Якунда танбур ижрочиси, Қашқадарё вилоятидан Ҳусниддин Холиқов, рубоб ижрочиси, сирдарёлик Дилшод Каримов, сурнай ижрочиси, қорақалпоғистонлик Сарвар Худойбердиев сингари ўн олти нафар иқтидорли ёш турли йўналишлар бўйича ғолибликни қўлга киритди ва ташкилотчиларнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир доирасида иштирокчилар учун Ўзбекистон давлат консерваторияси профессор-ўқитувчилари иштирокида “Маҳорат сабоқлари”, “Халқ чолғулари ижрочилигида ёшлар фаоллигини ошириш масалалари” мавзуида илмий анжуман ҳамда ўзбек миллий чолғулари тарихи, уларнинг халқимиз маданий ҳаётида тутган ўрнига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Мавжуда ХОЛМАТОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn