«Юртингиз баҳори ниҳоятда гўзал ва тароватли экан»
  • 13 Март 2014

«Юртингиз баҳори ниҳоятда гўзал ва тароватли экан»

Юртимизда ҳар бир байрам ўзгача шукуҳ ва кайфият билан қарши олинади. Ана шундай тантаналаримиз орасида биз учун Наврўзи оламнинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Чунки у шарқона Янги йилнинг бошланиши, энг қадимий, энг ардоқли ва асл миллий айёмдир.
Ҳозир қаерга борманг, юртдошларимиз юзида қутлуғ шодиёна арафасига монанд ажиб бир ҳаяжонни кўрасиз, қизғин тараддуднинг устидан чиқасиз: тўйга тўёна билан деганларидек, жойларда яна янгидан-янги маданий-маиший иншоотлар, тураржой бинолари қад ростламоқда, боғу роғлар барпо этилиб, кўчаю хиёбонлар ободонлаштирилаяпти.
Мана шундай қувончли дамларда халқимизга хос бебаҳо қадриятлар — бир-бирига меҳр-оқибат кўрсатиш, беморлар, кўнгли ярим инсонларга беминнат ёрдам бериш каби эзгу фазилатлар ҳам янада яққол намоён бўлади. Баҳорнинг энг тансиқ таомлари — кўксомсаю кўкчучвара, сумалак тортилган файзли дастурхонлар атрофида, сайил-томошалардаги суҳбатларда эса буларнинг барчаси мамлакатимизда ҳукм сураётган осойишталик билан боғлиқ экани эътироф этилиб, тинч ва фаровон ҳаётимиз бардавом бўлиши, бошланаётган йил янада қут-баракали келишини сўраб, дуолар қилинади.
Кўнгилларга хушкайфият, завқу шавқ улашувчи Наврўз тантаналарини, тарихий шаҳарларимизни томоша қилиш мақсадида юртимизга кўплаб сайёҳлар ташриф буюришаяпти. Мухбиримиз улардан айримлари билан суҳбатда бўлди.

Бургхардсвизер ХАННЕС
(Германия):
— Ўзбекистон — улкан салоҳиятга эга мамлакат. Бу фикрни бугун дунё жамоатчилиги бот-бот такрорламоқда, десам, муболаға қилмаган бўламан. Чиндан ҳам, мустақил тараққиёт йўлидан дадил қадам ташлаётган юртингиз барқарор иқтисодиёти, илм-фан, таълим, маданият, спорт, қўйингки, ҳар бир соҳада эришаётган улкан ютуқлари билан ана шундай таърифга муносиб эканини исботламоқда.
Шунга мос равишда Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси ҳам юқори даражада йўлга қўйилганига гувоҳ бўлдим. Замонавий меҳмонхоналар, транспорт-коммуникация тизими, қизиқарли сайёҳлик йўналишлари кишида илиқ таассурот уйғотади.
Тошкент, Хива, Бухоро каби йирик шаҳарларингизда бўлиб, кенг ва равон кўчалар, муҳташам бинолар тимсолида мамлакатингиз бунёдкорлик салоҳияти ҳақида муайян тасаввурга эга бўлдим, уларда миллий ва замонавий меъморчилик анъаналари моҳирона уйғунлаштирилганидан ҳайратга тушдим. Айтайлик, пойтахтингиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи, “Маърифат маркази”, Ёшлар ижод саройи муҳташамлиги, гўзаллиги билан кишини лол қолдиради.
Бухородаги “Бухоро маданий маркази” мажмуи ўзига хос мазмун-моҳияти, бетакрорлиги билан ажралиб турса, Арк қалъаси, Сомонийлар мақбараси, Минораи Калон, сўлим Лабиҳовуз атрофидаги мадрасаю карвонсаройлар, савдо тоқилари бу қадим заминнинг буюк тарихидан сўзлайди. Энди Самарқандга йўл оламан.
Ушбу ташрифим Наврўз шодиёналарига тўғри келганидан жудаям хурсанд бўлдим. Чунки бу асл миллийлик акс этадиган, қадриятлар улуғланадиган байрам экан. Одамлар энг тансиқ баҳорий таомлар тайёрлаб, сайилларда мириқиб кўнгил ёзишаркан. Менга сумалакнинг пишириш жараёни жуда қизиқ туюлди. Уни астойдил томоша қилдим. Тайёр бўлгач, бу таомдан татиб кўрдим. Ажойиб мазаси оғзимда қолди.
Шу фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини баҳор айёми билан самимий муборакбод этаман. Доимо омадингизни берсин, дейман.

Эми АМЕМИЯ
(Япония):
— Шарқ халқларида азалдан бир-бирига меҳр-оқибатли бўлиш, меҳмонга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш тушунчалари яхши шаклланган. Мустақил Ўзбекистон билан Япония ўртасида мустаҳкамланиб бораётган дўстона алоқаларда ана шу жиҳат катта аҳамият касб этаяпти, деб ўйлайман.
Наврўз тантаналари менга жуда ёқди. Бухорони сайр қилиш асносида кўкчучвара, кўксомса, ҳалим сингари миллий таомлар, халқ ўйинлари ҳақида маълумотларга эга бўлдим. Муҳими, халқингиз қадимий анъаналарни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келмоқда. Уларни ёшларга ўргатаяпти. Демак, қадриятлар бардавомлиги таъминланмоқда.
Дарвоқе, бозорларингизни ҳам катта қизиқиш билан айландим. Мени ҳайратлантирган жиҳати, қиш энди тугаб, баҳор фасли бошланган бўлса-да, маҳсулотлар етарли. Расталарда исталган мева, сабзавот, кўкатлар топилади. Нархи ҳам арзон. Сотувчиларнинг хушмуомалалигини айтмайсизми?! Буларнинг барчаси юртдаги фаровонлик, маъмурчиликдан далолатдир.

Парвази МИРЛЕ
(Ҳиндистон):
— Ўзбекистонга иккинчи бор келишим. Баҳор юртингизда ниҳоятда гўзал ва тароватли экан.
Сайёҳлик тизимида фаолият кўрсатишим боис шу йўналишдаги ўзгаришларни дарҳол пайқадим. Ўтган давр ичида қадимий шаҳарларингизда инфратузилма жадал ривожланибди. Хизмат сифати ошган, ҳунармандчилик янада равнақ топган. Шу боисдан ҳам биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ниятидамиз. Сабаби, Ўзбекистон бой номоддий меросга эга мамлакатдир. Мана, Наврўз байрамини олиб кўринг. Уни сайил тарзида нишонлаш анъанаси алоҳида эътиборга лойиқ. Бу, албатта, ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ўйлашимча, ушбу жараённи бевосита яқиндан кузатиш ҳар қандай сайёҳ учун бир умрга унутилмас таассурот қолдиради.
Мана шундай лаҳзаларда тилагим шуки, меҳмондўст халқингизга яхши кунлар ҳамиша ёр бўлаверсин!

Истам ИБРОҲИМОВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn