Буюк Ипак йўлидаги мўъжиза
  • 07 Июль 2015

Буюк Ипак йўлидаги мўъжиза

Малайзияда нашр этиладиган “Top 10 of Asia” журналида «Ўзбекистон — Буюк Ипак йўлидаги мўъжиза» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Унда Ўзбекистон қадимдан минтақанинг маданият марказларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланади. Ушбу муқаддас диёр Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Маҳмуд Кошғарий ҳамда Абу Али ибн Сино сингари жаҳонга машҳур ўрта аср олим ҳамда мутафаккирларининг ватани ҳисобланиши журналхонлар эътиборига ҳавола этилган.
“Ўзбекистон ўрта асрлар Шарқ ва ўарб цивилизацияларини бирлаштиргани ҳолда, дунё тараққиёт ўчоқлари, динлари, маданий анъаналаридан маънавий озиқланди ҳамда шаклланиб борди, — дея ёзилади журналда. — Бугунги кунда ана шу замин Самарқанд, Бухоро ва Хива сингари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатидан жой олган афсонавий тарихий шаҳарлари билан дунёдаги энг жозибадор ва ажойиб сайёҳлик масканларидан бири саналади”.
Шунингдек, Малайзия нашри мамлакатимизнинг мустақиллик йилларидаги муваффақиятлари ҳақида ҳам ўз ўқувчиларига атрофлича маълумот берган. Мақолада юртимиз барча соҳада, шу жумладан, сайёҳлик саноатини замон талаблари асосида ривожлантириш бўйича салмоқли ютуқларни қўлга киритгани алоҳида таъкидланган.
“Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган бугунги Ўзбекистон замонавий ҳаво йўллари, тезюрар поездлар, ривожланган автомобиллар тармоғи ҳамда меҳмонхоналар комплексига эга. Мамлакатга ҳар йили дунёнинг турли нуқталаридан 2 миллион нафардан зиёд сайёҳ келади. Республика ҳукумати томонидан иқтисодиётнинг мазкур тармоғига қаратилган юксак эътибор натижасида яқин йиллар ичида хорижлик туристларнинг сони янада ошиши кутилмоқда”, дея қайд этилади “Top 10 of Asia” журналида.


«Жаҳон» АА.
Куала-Лумпур

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn