Бетакрор нақшлар жилоси
  • 07 Июль 2015

Бетакрор нақшлар жилоси

Асл касби рассом-дизайнер бўлган Аҳмад Арабов музейларни томоша қилишни хуш кўради. Бир гал халқ амалий санъати намуналари билан танишаётиб, сўзаналарга қизиқиб қолди. Улардаги нафис ва бетакрор нақшлар рассомни ўзига оҳанрабодек тортди. Ўй-хаёли каштадўзлик тарихини ўрганиш, унга оид маълумотларни тўплаш билан банд бўлди. Қарабсизки, ҳавас мақсадга айланди. Аҳмад ака ўз хонадонида каштачиликни йўлга қўйишга аҳд қилди.

— Ўшанга ҳам йигирма йилдан ошди, — дейди бухоролик якка тартибдаги тадбиркор, “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси А. Арабов. — Мустақиллик шарофати билан миллий ҳунармандчиликни қайта тиклаш ва равнақ топтириш учун кенг йўл очилгани, айниқса, Президентимизнинг халқ амалий санъатини янада ривожлантиришга оид Фармони бизга катта туртки бўлди. Қадимий нусхалардан андаза олиб, ишга санъат даражасида қараб сўзаналар тикишга киришдик.
Мутахассислар фикрича, миллий каштачилик халқ амалий санъатининг энг қадимий турларидан бири саналади. У одамларнинг ўз турмушини гўзал қилиш истаги натижасида юзага келган. Арабовлар оиласи аъзолари айни пайтда қарздўзи ва билакдўзи усулларидан фойдаланиб, бири-биридан  чиройли, бежирим сўзаналар тикмоқда. Улар бу юмушга ўн нафарга яқин касаначи хотин-қизни ҳам жалб этган. Кўз нури, қалб ҳарорати туфайли яратилаётган аноргул, анор, абри баҳор, аррагул, атиргул, бодом, бутагул гули, косагул нақшли безаклар туширилган сўзаналар, белбоғ, чорси, жойпўш, жома, чойшаблар ўзига хослиги билан кишини ҳайратга солади. Игна воситасида яратилган мазкур бадиий ҳунармандчилик намуналари Италия, Германия, АҚШ, Бельгия сингари дунёнинг кўплаб давлатларида ташкил этилган халқаро кўргазмаларда муваффақият қозонган. Германияда ҳатто немис мутахассислари бу хонадон вакиллари тайёрлаган сўзана рангларини атайин махсус асбоблар орқали таҳлил қилиб, уларнинг бундан тўрт-беш аср муқаддам тикилган каштачилик буюмлари бўёғидан фарқ қилмаслигини аниқлашган.
Дарвоқе, оилада каштачилик учун зарур бўёқларни Арабовларнинг ўзлари тайёрлашади. Аҳмад аканинг ўғиллари Азаматжон билан Азизжон ушбу юмушнинг ҳадисини олган. Қизлари Нигорахон билан Зилола эса матога керакли нусхани туширишади.
— Шу ҳунар ортидан АҚШнинг Санта Фе шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон ҳунармандлар кўргазмасида, Миланда ташкил этилган нуфузли тадбирда қатнашдик, — дейди Азамат Арабов. — Биласизми, каштачиликнинг шундай нозик қирралари борки, уларни энг замонавий компьютер дастгоҳлари ҳам бажара олмайди. Негаки, бу юмуш қалб қўрини талаб қилади. Хорижликлар шу боисдан ҳам миллий каштачилигимизни қадрлаб, чеварларимиз маҳоратига тан беришади. Чет элликларнинг кўплаб буюртмаларини бажарганмиз.
— Ҳунарда ҳикмат кўп дейишганича бор экан, — суҳбатга қўшилади  Аҳмад ака. — Халқ амалий санъати билан оилавий тарзда шуғулланиб, кам бўлганимиз йўқ. Дунё кўрдик. Турмушимиз фаровон. Эл-юртда обрў қозондик. Сизга айтсам, ҳунар тарбия воситаси ҳам экан. Ўғил-қизларим шу ҳунар билан шуғулланиб барака топишмоқда. Айни пайтда янги устахона қураяпмиз. Ёшларга, хусусан, коллежларни тугатаётган қизларга миллий каштачиликни ўргатиш ниятидамиз. Токи, улар ҳам шу ҳунар сирларини эгаллаб, ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишсин.


Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn